Ўзбекистон фуқароси ўндан зиёд украиналикни ўлдирганини тан олди

Иллюстратив сурат

Жиноят ишлари бўйича Андижон шаҳри суди Россия армияси сафида Украинага қарши жанг қилган Ўзбекистон фуқаросига нисбатан ҳукм чиқарган. 2024 йил 4 декабрь куни ўқилган ҳукмдан жамоатчилик қарийб бир ой ўтиб хабар топмоқда.

Gazeta.uz нашрининг тергов-суд ҳужжатларига таянган ҳолда ёзишича, 2023 йил апрель ойида мавсумий иш топиш мақсадида Москвага борган 39 ёшли Т.А. Россия Федерацияси Қуролли кучлари сафига қўшилиш ҳамда Украинага қарши ҳарбий ҳаракатларда қатнашишга қарор қилган.

2023 йил 21 июлида Россия Қуролли кучлари билан 625-сонли шартнома тузган судланувчи ўша йилнинг декабригача Украинанинг Шахтёрск ва Бахмут шаҳарларида олиб борилган жангларда қатнашган.

39 ёшли Т.А.га жанговар ҳаракатларда қатнашгани учун ойига 450 минг рубль (ўша пайтдаги курс бўйича тахминан 4950 доллар/57,5 миллион сўм) ваъда қилинган. Аввалига у 150 минг рублдан икки бор мояна олган, аммо кейин тўловлар тўхтаган.

2023 йил 31 декабрь куни фуқаро Қозоғистон чегарасини кесиб ўтиб, Ўзбекистонга қайтган. Шундан сўнг у ўз ихтиёри билан ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилган ва Россия Қуролли кучларида хизмат қилганини тасдиқловчи барча ҳужжатларни тақдим этган, дейилган тергов ҳужжатида.

Суд йиғилишида судланувчи қилмишидан пушаймонликни билдириб, буни оғир моддий аҳволи ва оиласининг ягона боқувчиси экани билан изоҳлаган.

Судланувчи жанговар ҳаракатлар мобайнида ўндан ортиқ украиналик ҳарбийни ўлдирганини тан олган.

Суд уни Ўзбекистон Жиноят кодекси 154-моддасининг 1-қисми (ёлланиш / 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади) ва 154−1-моддасининг 1-қисми (хорижий давлатларнинг ҳарбий хизматига кириш, ёлланиш / БҲМнинг 300 бараваригача жарима ёки 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади) билан айбдор деб топган.

Қайд этилишича, суд жазони енгиллаштирувчи ҳолатларни (айбига тўлиқ иқрорлиги, пушаймонлиги, муқаддам судланмагани, оилавий аҳволи ва уч фарзанди борлиги) инобатга олиб, унга 4 йилу 2 ой муддатга озодликдан чеклаш жазосини тайинлаган.

Таҳлилларга қараганда, Украинада Россия қўшини сафида жанг қилаётганлар орасида ўзбекистонликлар кўпчилик ташкил қилади. Улар асосан Россияда судланиб, қамоқхонада жазо ўтаётган кишилардир. Бироқ ёлланмалар орасида РФ фуқаролигини олиш ёки пул ишлаш мақсадида ўз ихтиёри билан урушга кетганларни ҳам учратиш мумкин.

Озодлик аввал хабар қилганидек, 2024 йил октябрь ойида рус армиясига ёлланган самарқандлик эркакка 3 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Россиянинг “Вагнер” хусусий ҳарбий ширкати сафида ярим йил мобайнида Украинада жанг қилган фуқаро Ш.Йўлдошевга нисбатан Оҳангарон тумани суди томонидан 2 йилу 6 ой муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинлангани ҳам маълум.