Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев мамлакат Ташқи ишлар вазирлигига Буюк Британия, Германия, Канада, Словакия, Австралия, Янги Зеландия каби мамлакатларда ўқиш, малака ошириш ҳамда замонавий корхоналарда ишлаш истагида бўлган фуқароларга енгиллик бўлиши учун виза тартибини соддалаштириш бўйича зарур чоралар кўришни топширди.
Президент матбуот хизмати маълумотига мувофиқ, 7 декабрь куни бўлиб ўтган йиғилишда аҳолини талаб юқори касбларга ўқитиш ва даромадли иш билан таъминлаш масалалари муҳокама қилинган.
Бундан ташқари, келгуси йилдан ривожланган давлатларда ҳам ишлаш, ҳам ўқиш имконини берувчи “Work and Travel” каби дастурларда қатнашаётган ўзбекистонлик ёшларга йўлкира харажатлари учун ссуда ажратишни йўлга қўйиш вазифаси белгиланган.
Шу билан бирга, чет элда меҳнат қилаётган ватандошлар билан мулоқотни кучайтириш, уларнинг кўпроқ ойлик олишига шароит яратиш ҳамда ижтимоий ва ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш лозимлиги қайд этилган.
Озодлик декабрь ойи бошида Ўзбекистон ва Хитой ташқи ишлар вазирлари ўзаро визадан озод қилиш тўғрисида ҳукуматлараро битимни имзолагани ҳақида хабар қилганди.
Битимга мувофиқ, Ўзбекистон ва Хитой фуқаролари икки давлат ҳудудларига кириш, ундан чиқиш ёки транзит қилиш учун 30 кунгача муддатга виза талабларидан озод қилинади.
Германия ҳам ўзбекистонликлар учун ишчи визасини бериш тартибини енгиллаштириш истагини билдирган.
Айни пайтда экспертлар Буюк Британия каби марказий осиёликлар орасида меҳнат миграцияси учун машҳур манзилларда виза, иш ва даромад борасида алдов ва фириб қурбони бўлиш хатари кучли эканини ҳам эътибордан соқит қилмаслик керак, деб ҳисоблайди.