Ўзбекистон жорий йил январь – август ойларида 1,15 миллиард долларлик газ импорт қилди.
Бу ҳақда “Gazeta.uz” нашри Президент ҳузуридаги Статистика агентлигининг ташқи савдо тўғрисидаги ҳисоботига таяниб хабар берди.
“Зангори олов” импорти ҳажми 2023 йилнинг саккиз ойида 201,8 миллион долларни ташкил этган эди. Бу эса йиллик ўсиш кўрсаткичи 5,7 баравар эканидан далолат беради.
Жорий йилнинг саккиз ойи натижаси газ импортининг ўтган йили умумий ҳажмидан (694,9 миллион доллар) ҳам кўпдир.
Ўзбекистон параллел равишда газ экспортини ҳам йўлга қўйган. Йил бошидан буён етказиб бериш 404,8 миллион долларга етди, бу ўтган йилнинг шу даврига (377,9 миллион доллар) нисбатан 7,1 фоизга кўпдир.
Ўзбекистон газининг асосий харидорлари Хитой, Қирғизистон ва Тожикистондир.
2023 йил октябрь ойидан Ўзбекистон Россиядан Қозоғистон ҳудуди орқали газни реверс режимда импорт қилмоқда. Энергетика расмийлари рус гази харидини “мамлакат энергетика хавфсизлигини таъминлаш, истеъмолдаги мавсумий нотекисликларни қоплаш ва кафолатланган манбаларни диверсификация қилиш учун қўшимча газ ҳажмларини таъминлаш” мақсади билан изоҳлаган.
Иқтисодий таҳлилчилар мамлакатда газ қазиб олиш шиддат билан қисқариб бораётган шароитда экспорт тўхтамаганини “парадокс” деб атаган.
Россиядан энергоқарамликнинг ошиши ҳам хавфли тенденция ўлароқ баҳоланмоқда.