Ўзбекистон ҳарбий авиация ва ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини ривожлантиради

Иллюстратив сурат

Дунёда рўй бераётган гибрид характердаги қуролли тўқнашувлар Ўзбекистон Қуролли кучлари жанговар қобилиятини оширишни талаб этмоқда. Бу ҳақда 13 январь куни Тошкентда Ўзбекистон президенти, Қуролли кучлар олий бош қўмондони Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида сўз борган.

Президент матбуот хизмати хабарига кўра, мажлисда ҳозирги шиддатли геосиёсий қарама-қаршиликлар шароитида Марказий Осиёда ҳам хавфсизликка нисбатан таҳдидлар кучайгани қайд этилган. Шунга мувофиқ миллий армияни замонавий техникалар билан таъминлаш, жумладан, ҳарбий авиация ва ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини ривожлантириш долзарблиги таъкидланган.

“Биз ҳар қандай вазиятда ҳам Ўзбекистоннинг давлат суверенитети, унинг сарҳадлари дахлсизлиги ва ҳудудий яхлитлигини таъминлашимиз шарт. Бу бизнинг тарих ва келажак авлодлар олдидаги муқаддас бурчимиз ва мажбуриятимиздир”, деган Ш.Мирзиёев.

Ўзбекистон президенти 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг бир гуруҳ ходимларини ҳарбий унвон, орден ва медаллар билан тақдирланган.