Абдулла Арипов бошчилигидаги Ўзбекистон ҳукумати 19 ноябрь куни янги сайланган Олий Мажлис олдида ваколатларини зиммасидан соқит қилди, дея маълум қилди Бош вазир матбуот котиби Бекзод Ҳидоятов.
Жорий йилнинг 27 октябрь куни ўтказилган парламент сайлови натижаларига кўра Ўзбекистонда Олий Мажлис (парламент) палаталари янги таркибда шакллантирилди.
Конституциянинг 116-моддаси ва “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида”ги қонуннинг 7-моддасига асосан ҳукумат парламент янгиланиши муносабати билан истеъфога чиқиши лозим.
Президент фармонига мувофиқ, парламент олдида ўз ваколатларини зиммасидан соқит қилган ҳукумат янги таркибдаги Вазирлар Маҳкамаси шакллантирилгунга қадар ўз фаолиятини давом эттириши белгиланган.
Ўтган сайловдан бошлаб амалга киритилган тартибга биноан, янги бош вазир номзоди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси (илгари Сенат билан биргаликда) кўриб чиқиши ва тасдиқлаши учун президент томонидан барча сиёсий партиялар фракциялари (илгари сайловда энг кўп депутатлик ўринларини олган партия) билан маслаҳатлашганидан кейин бир ой муддат ичида киритилади.
Эслатиб ўтамиз, 2016 йилдан бери Ўзбекистон ҳукуматини бошқариб келаётган Абдулла Арипов Олий Мажлис палаталарининг 2020 йил 20 январь кунги илк қўшма мажлисида яна қайта бош вазирликка тасдиқланганди.