Ўзбекистон ҳукумати SFI Management Group ширкати билан “Ўзбекистон металлургия комбинати”, “Ўзиккиламчиранглиметалл” ва Олмалиқ кон-металлургия комбинати (ОКМК) бўйича ишончли бошқарувга оид шартномаларни бекор қилган. Бу ҳақда SFI Management Group ширкати матбуот хизмати маълумот тарқатди.
Расмий Тошкент 2017 йилда “Ўзбекистон металлургия комбинати”ни, 2018 йилда эса Олмалиқ кон-металлургия комбинати ва “Ўзиккиламчиранглиметалл” заводини миллиардер Фаттоҳ Шодиевнинг акаси Қобул Шодиев раҳбарлик қилиши айтиладиган SFI Management Group ширкати ишончли бошқарувига топширган эди.
Ширкат ҳисоботида ўтган қисқа вақт ичида SFI Management Group мазкур корхоналарнинг кризис-менежери ўлароқ фаолият юритгани, бунинг натижасида корхоналарнинг фойдаланилмаган имкониятлари ишга солингани, ишлаб чиқариш жараёни оптималлаштирилгани ҳамда янги иш жойлари яратилгани иддао қилинган.
Ҳисоботда ўтган уч йил ичида ширкатнинг Ўзбекистондаги корхоналар бошқарувида эришган ютуқлари рақамлар мисолида санаб ўтилиб, шу тариқа SFI Management Group ҳукумат томонидан ўзига билдирилган “юксак ишончни оқлаш учун максумум даражада саъй-ҳаракат қилган”и қайд этилган.
Мазкур уч корхонадан ташқари “Ўзбеккўмир”, Ангрен ва Янги Ангрен иссиқлик электр станциялари бошқаруви ҳам SFI Management Group’га берилгани ширкат эгаси Қобул Шодиев томонидан эътироф этилгани ҳақида Озодлик ўтган йилнинг сентябрь ойида хабар қилган.
Мазкур уч ширкатнинг 2019 йили рўйхатдан ўтган Central Asia Energy МЧЖга берилгани айтилган бўлса-да¸бу ширкатнинг SFI Management Group’га алоқадорлиги ҳақида расмий маълумот тарқатилган эмас.
Айни пайтда маҳаллий нашрлар SFI Management Group’нинг Ўзбекистонда энг кўп тухум чиқарадиган “Ўртачирчиқпарранда” компаниясининг 84 фоиз, “Ўзхимфарм” компаниясининг 74 фоиз акцияларини ҳам бошқараётганини хабар қилган.
Жорий йилнинг 20 январь куни Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов “Ўзбекистон металлургия комбинати” АЖнинг Бекободдаги бош офисига бориб, завод раҳбариятини ишдан олгани ҳақида бир ой муқаддам хабар қилган эдик. Мазкур мажлис иштирокчиларидан бири Озодлик билан суҳбатда сўнгги ўзгаришлар ҳақида ўз мулоҳазаларини айта туриб, “энг тепадагилар билан Шодиевлар ўртасидаги муносабат бузилган кўринади”, деган эди.