Ўзбекистон исcиқхона гази миқдорини 35 фоизга камайтирмоқчи

Иллюстратив сурат

Ўзбекистон 2030 йилгача ҳавога исcиқхона газлари чиқарилишини 35 фоизга камайтиради, 2050 йилга қадар эса ушбу мажбуриятни янада кенгайтиришга тайёр, дея маълум қилди президент Шавкат Мирзиёев 12 ноябрь куни Боку шаҳрида бўлиб ўтган БМТ шафелигидаги Иқлим ўзгариши саммитида.

Мирзиёев ўз нутқида бугунги кунда асосий глобал таҳдидга айланган иқлим ўзгаришлари камбағалликка қарши кураш, озиқ-овқат ва энергетика хавфсизлиги, сув ва ресурслардан фойдаланиш муаммоларини кучайтираётгани, буларнинг асоратларини Марказий Осиё давлатлари ҳам ўткир ҳис қилаётганини қайд этган.

Иқлим муаммолари аҳолимизнинг турмуш сифатини ошириш ва миллий тараққиёт стратегияларини рўёбга чиқаришда янги тўсиққа айланмоқда”, деган у.

Ўзбекистон президенти мамлакатда углерод нейтраллигига эришиш бўйича кенг миқёсдаги ислоҳотларни қатъий давом эттириш, “яшил” энергетика улушини 40 фоизгача оширишга ҳам ваъда берган.

Париж битими доирасидаги бош мақсадимиз – минтақада ҳаво ҳароратининг жадал ўсишига йўл қўймаслик ва жорий юз йилликда 1,5-2 градус атрофида сақлаб қолишдир”, деган Мирзиёев.

Ўзбекистон раҳбари халқаро машваратда денгизга чиқиш йўлига эга бўлмаган мамлакатлар учун БМТнинг инновацион агросаноат хабини ташкил этишни ҳам таклиф қилган.