Жорий йил 10 ноябридан бошлаб Ўзбекистон мактабларида дарсдан олдин мадҳия куйланиб, танаффусда махсус радиокарнайлардан ватан мавзусидаги шеър ва қўшиқлар эшиттирила бошланди.
Халқ таълими вазирлиги Маънавият бошқармаси вакили Акбар Тоғаев Озодлик билан суҳбатда бу тадбир ўқувчиларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш учун жорий қилинганлигини таъкидлади.
Руҳшунос олим Махмуджон Йўлдошев Озодлик билан суҳбатда бу ҳолатни “ўқувчилардан танаффусни ўғирлаб, уларни мафкуравий зўриқтириш” деб атади. Суҳбатдошга кўра¸ Ўзбекистон Конституциясининг 12-моддаси ҳеч бир мафкура, хусусан ватанпарварлик мафкурасини ҳам ўқувчиларга ягона мафкура ўлароқ сингдиришга йўл қўймайди.
Хоразм вилоятидаги ўрта мактабда адабиëтдан дарс берадиган Норжон Шарипова эса, танаффус пайтида замонавий ўзбек шоирлари шеърлари радиодан янграб туришини маъқуллайди. Муаллимага кўра¸ шу тариқа ўқувчилар Абдулла Орипов ва Эркин Воҳидов шеърларини ëд олишади. Бу эса, ўз навбатида, уларнинг адабиëтга муносабатини ўзгартиради.
Мактабларда дарсдан олдин гимн¸ танаффусда эса, ватанпарварлик мавзуидаги шеърларни айтиш топшириғи халқ таълими вазири ўринбосари Дилшод Кенжаев имзолаган хат асосида амалга оширилди.
Озодликда нусхаси бўлган ва 2 ноябрь санаси билан имзоланган хат тизимнинг 14 та ҳудуддаги масъул раҳбарларига йўлланган.
Бундай топшириқ берилишига Президент Администрациясининг 23 октябрдаги йиғилиши баёни асос бўлгани хатбошида ëзиб қўйилган.
Xатдан иқтибос:
“Тасарруфингиздаги барча умумтаълим муассасаларида ҳар куни дарс бошланишидан олдин синф хоналарида (икки сменали таълим муассасаларида ҳам дарсдан олдин) Ўзбекистоннинг Давлат мадҳиясини ўқувчи ва ўқитувчилар томонидан жўр бўлиб куйланишини ҳамда танаффус вақтларида Ватан ҳақидаги қўшиқ ва шеърларнинг (таълим муассасаларининг имкониятларидан келиб чиқиб, радио тармоғи ёки овоз кучайтиргич орқали) эшиттирилишини ташкил этишингиз сўралади.’, – дейилади хатда.
Вазирлик мулозими: Халқаро тажрибадан илҳомландик
Халқ таълими вазирлиги Маънавият бошқармаси вакили Акбар Тоғаев Озодлик билан суҳбатда ўқувчиларнинг дарс бошланиши олдидан давлат гимнини куйлаши халқаро тажрибада мавжудлигини айтади:
“Халқаро тажрибани ўрганиб, умумтаълим муассасаларида мадҳияни куйлаш, қўшиқ ва шеърларни эшиттириш ўқувчиларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда муҳим омил бўлиб хизмат қилишига ишонч ҳосил қилдик. Эркин Воҳидов¸ Абдулла Орипов каби шоирлар асарлари билан бирга, жадид адабиëти вакиллари ижоди ҳам тарғиб қилинади"¸ - деди мулозим.
Акбар Тоғаевнинг айтишича¸ "Янгича Ўзбекистон – янгича дунёқараш" деб номланган дастурга 50 нафар ўзбек ижодкори асарлари кирган ва улар орасида Чўлпон ҳамда Фитрат каби улуғ даҳолар бор".
Тоғаевга кўра¸ мактаб биноси ичига ўрнатилган экранларда намойиш қилиш учун ўнлаб роликлар ҳозирланган ва бу роликларда 41 нафар хонанда қўшиқларидан фойдаланилган.
Мулозимга кўра¸«Янгича Ўзбекистон – янгича дунёқараш» шиори тарғибот тадбирларини йил давомида ўтказиш бўйича ташкилий қўмита ва Республика штаби ташкил этилган.
Ўзбек блогерлари Халқ таълим вазирлиги жорий қилган бу “янгиликни” салбий қаршилади. Улар назарида, бу тажриба “Туркманистонда қўлланилиб, тескари натижа берган.”
Хоразм вилоятидаги ўрта мактабда адабиëтдан дарс берадиган Норжон Шарипова эса, бу тажрибани олқишлади.
“Умар Хайëм бир рубоийсида пиëла четидаги шеърнинг “ҳар куни ва ҳар он” ўқилиши ҳақида ëзади. Танаффусда ўқувчи шеър эшитиб юрса¸ ўзи билмаган ҳолда бу шеърни ëд олади. "Қулоқ қонди" дейилади бу халқ тилида. Мен ўзим “Оловли йўллар” фильмида Ҳожиакабар Нурматов ўқиган шеърларга қизиқиб, адабиëт ўқитувчиси бўлдим. Роликларда чиройли, бадиий қилиб ўқилган шеърлар бор. Масалан, Чўлпоннинг “Халқ денгиздир” шеъри. Бу шеър ўқувчиларга ижобий мотивация беради. Умуман яхши шеър эшитган одамнинг ичи равшан бўлади. Ватан ҳақида ҳар куни ва ҳар он эшитаверайлик ", - дейди муаллима.
"Бездирмайлик"
Психолог олим Маҳмуджон Йўлдошев эса, танаффус пайтида ўқувчиларни ўз холига қўйиш кераклигини айтади:
“45 минут ўқиган болага танаффус лозим. У югурсин. Қувлашсин. Уни мафкуравий зўрлаш педогогика илми ва бола психологиясга зид. Энди дарсдан олдин мадҳия айтиш масаласига келсак... Мадҳия, бу - давлат рамзи. Бу рамз махсус ритуал ва эҳтиромни тақозо қилади. Мадҳия айтилганида одамлар қўлини кўксига қўйиб, қотиб туриши лозим. Бу ритуални болалар ўз табиатига кўра жиддий амалга ошира олмайди. Ҳар куни мадҳия эшитавериб, зада бўлади. Мадҳиядан нафратланиши ҳам мумкин. Мен маъқул кўрмадим бу тадбирни. Ҳатто энг мафкуравий совет тизими ҳам танаффус пайтида болаларни тинч қўйган.”
Йўлдошев ўз сўзида давом этиб, “бу тадбир Конституцияга зид” дея таъкидлади:
“Ўзбекистон Конституцияси нинг12-моддасида ижтимоий ҳаёт сиёсий институтлар, мафкуралар ва фикрларнинг ҳилма-хиллиги асосида ривожланади. Ҳеч қайси мафкура давлат мафкураси сифатида ўрнатилиши мумкин эмас , деб аниқ ëзиб қўйибди. Ватанпарварлик ҳам бир мафкура, биз уни ягона ижтимоий онг шакли, дея ўқувчига сингдира олмаймиз. Конституцияга зид бу.”
Маҳкумлар учун қийноқнинг бир тури
Ислом Каримов бошқаруви даврида қийноқлар билан ном чиқарган Ўзбекистон жазони ўташ муассасаларида маҳкумларни давлат мадҳиясини куйлашга мажбурлаш халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ҳисоботида қийноқ тури, сифатида таснифланган.
Мадҳия ҳамда ватанпарварлик руҳидаги шеърларни радиоузел орқали ëйинлаш Мирзиëев иқтидори даврида кўзга ташланган “ноу-хау” сифатида кўрилади.
Биринчи карантин даврида маҳалла марказида турган зирҳли харбий автомобиллар карнайидан патриотик қўшиқлар мунтазам янграб туриши жорий қилинган эди.
2019 йил 11 июлида Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ўтказилган пресс-брифингда аёллар маънавиятини ошириш ҳақида гапирган Бош вазир ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Элмира Боситхонова кўчаларда шеър айтиш таклифини илгари сурган.
“Бозорларда қўмитанинг бошланғич ташкилотлари тузилади. Алоҳида маънавият хонаси ташкил этилади. У ерда кутубхона бўлади, маърифий суҳбатлар ўтказилади. Радиоузелдан ҳар куни 5-6 марта Зулфияхоним ижодидан намуналар, муомала маданиятига ўргатувчи ҳадислар эшиттирилади”.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиëев ўз чиқишларида Эркин Воҳидов ва Абдулла Орипов сингари шоирлар номини бот-бот тилга олади ва улар ижодини расман тарғиб қилишга даъват этиб келади.
Унинг ўзи Навоий вилояти Конимех туманидаги этник қозоқлар билан учрашув чоғида “Ирригатор бўлмаганимда, албатта шоир бўлардим”, деб айтган эди.
Аммо Озодлик суҳбатдошларига кўра, Халқ таълими вазирлиги жорий этган янги тартиб президентнинг адабиётга бўлган муҳаббатидан кўпроқ нарсани акс эттиради.
Танқидчилар бу каби ноодатий янгиликлар мактабларнинг аянчли моддий-техник базаси, ўқитувчиларнинг мажбурий меҳнати ва таълим савиясининг пастлиги каби реал муаммолардан жамоатчилик эътиборини чалғитишини таъкидлайдилар.