Ўзбекистон Малайзия билан стратегик шерикликка интилмоқда

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Малайзия Бош вазири Анвар Иброҳим билан, Куала-Лумпур, 2025 йил 5 феврали (president.uz фотоси)

Ўзбекистон Малайзия билан муносабатларни стратегик шериклик даражасига олиб чиқиш ниятида. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 5 февраль куни Куала-Лумпур шаҳрида ташкил қилинган қўшма бизнес форумда маълум қилди.

Маҳаллий матбуот бу Ўзбекистон президентининг Малайзияга сўнгги 20 йил ичидаги илк расмий ташрифи эканини урғуламоқда.

Президент матбуот хизмати қайдича, Малайзия бош вазири Анвар Иброҳимнинг таклифига кўра ушбу мамлакатга ташриф буюрган Мирзиёев электроника ва яримўтказгичлар, сунъий интеллект, рақамли технологиялар, газ-кимё саноати, қурилиш, соғлиқни сақлаш, геология, таълим, транспорт, зиёрат туризми каби соҳаларни икки давлат ҳамкорлигини янада ривожлантиришнинг устувор йўналишлари сифатида кўрсатган.

Мирзиёев Малайзиянинг етакчи компания ва банкларини Ўзбекистоннинг телекоммуникация, энергетика, банк-молия ва бошқа соҳалардаги давлат активларини хусусийлаштиришда фаол иштирок этишга таклиф этган.

Расмий Тошкент “ақлли” қишлоқ хўжалиги технологияларини жорий этиш, органик маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва “ҳалол” стандартларини қўллаш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга оширишдан ҳам манфаатдорлик билдирган.

Музокаралар якунида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Малайзия бош вазири Анвар Иброҳим номидан Стратегик шериклик йўлида икки томонлама ҳамкорликни чуқурлаштириш тўғрисида қўшма баёнот эълон қилинган. Тошкент ва Куала-Лумпур, шунингдек, божхона, олий таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, суд-экспертлик, академик-дипломатик каби соҳаларда ҳамкорликка доир битимлар имзолаганлар.

Томонлар 2025-2026 йилларни Ўзбекистон–Малайзия шериклигини инновацион ривожлантириш даври деб эълон қилишга келишишган.