Ўзбекистон-Афғонистон чегарасида афғон ҳарбий вертолёти уриб туширилгани тўғрисидаги хабарлар ҳеч қандай асосга эга эмас ва ҳақиқатга тўғри келмайди. Бу баёнот 18 март куни Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги расмийлари номидан тарқатилди.
Чегарада Толибонга тегишли вертолёт уриб туширилгани ҳақида дастлаб россиялик сиёсатшунос Андрей Серенко ўз Телеграм-канали орқали хабар тарқатган.
“Мавжуд маълумотларга кўра, вертолёт Мозори Шарифдан Бадахшон тарафга парвоз қилган. Унинг Ўзбекистон ҳаво ҳудудига қандай кириб қолгани ноаниқ. Вертолёт бортида 15 дан зиёд одам бўлган”, деб ёзганди жумладан Серенко.
Кейинроқ россиялик сиёсатшунос Толибон ҳаракатининг “боадаб” вакили у билан боғланиб, Ўзбекистон чегарасида ўзларига қарашли ҳарбий вертолёт уриб туширилганига оид хабар ёлғон экани ҳақида билдирганини ёзган.
Бу орада Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги журналистлар ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан бу каби хабарларни тарқатишда “фақат расмий маълумотларга таяниш”ни сўраган.