Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин Холиқназаров тўйлар, оилавий тантаналар, марҳумлар хотираси, ҳаж ва умрага бориб-келувчиларни кутиб олишга бағишланган йиғинларда кимўзар пойга, риё ва исроф кучайиб кетганини “ўзбек халқининг жиддий муаммоларидан бири” деб атади.
Муфтий таъкидича, мамлакатдаги имом-хатиблар томонидан тўй-маърака маросимлардаги исрофгарчилик, умра зиёратидан қайтгандан кейин ҳар хил хўжакўрсин маросимлари уюштиришдек иллатларнинг олдини олиш юзасидан тарғибот ишларини амалга ошириши зарур.
“Аллоҳ таоло ато этган мол-дунёни исроф қилиш катта гуноҳ” эканини урғулаган муфтий Нуриддин Холиқназаров мусулмонларни “топганини савобли ишларга сарфлаб, бева-бечора, ночор, муҳтожларга ёрдам бериш ва улкан савобга эга бўлиш”га даъват этган.
Айни пайтда исрофгарчилик ва дабдабабозларга тушунтириш ишларини кўпайтиришда зиёлилар, отахон ва онахонларнинг ҳам қатнашиши мақсадга мувофиқ экани эслатилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси кўрсатмасига мувофиқ, эндиликда ҳар бир марказий масжид бештадан эҳтиёжманд оилани оталиққа олиб, уларнинг фарзандларини ўқув курсларида ўқитиши, касб-ҳунарга ўргатиши ва доимий даромадга эга бўлишига кўмаклашади. Ҳар бир туман-шаҳар бош имом-хатиби ҳудудидаги камида битта мактабни ҳомийларни жалб этган ҳолда таъмирлаш ишларига ёрдам кўрсатади.
“Вақф” хайрия жамоат фонди эса Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги билан ҳамкорликда кам таъминланган оилалар фарзандлари бўлган 200 нафар ёшни касбга ўргатиш ва иш билан банд қилишга масъул саналади.
Ўзбекистонда тўй, маросимлардаги дабдабабозлик ва исрофгарчилик кўпдан буён танқид қилиб келинади.
Бир неча йил аввал сенаторлар тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумлар хотирасига бағишланган тадбирларни ихчам, камхарж ва дабдабасиз ўтказиш зарурлигини таъкидлашганди.
2017 йилда президент Шавкат Мирзиёев тўйлардаги исроф ва дабдабани кескин танқид қилиши ортидан мамлакатда турли оммавий маъракаларни ихчамлаштиришга қаратилган кампания бошлангани маълум.