2023 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистон Хитойга 203 миллион 900 минг долларлик табиий газ экспорт қилган. Бу ҳақда Россиянинг ТАСС агентлиги Хитой Божхона бош бошқармасидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.
Қайд этилишича, Хитойга газ экспорт қилувчи мамлакатлар орасида Ўзбекистон бешинчи ўринни эгаллаган. Йил бошидан буён ХХРга Туркманистон 5,06 миллиард долларлик, Россия 3,4 миллиард долларлик, Мьянма 737,9 миллион долларлик, Қозоғистон эса 448,7 миллион долларлик газ сотган.
Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Статистика агентлигининг биринчи ярим йилликдаги Ташқи савдо айланмасига оид ҳисоботига мувофиқ, жорий йилнинг январь-июнь ойларида Ўзбекистон хорижга 278 миллион 400 минг долларлик табиий газ экспорт қилган. Бу рақам ХХР Божхона бошқармаси маълумотлари билан солиштирилганда, йил бошидан буён хорижга кетган ўзбек газининг 73 фоиздан кўпроғи Хитойга сотилгани келиб чиқади.
Аввалроқ Озодлик Ўзбекистон шу йилнинг апрель ойидан Хитойга газ экспортини тиклагани ҳақида хабар қилган. Демак, 204 млн долларлик ўзбек гази ХХРга фақат иккинчи чоракнинг ўзида сотилган.
Ўзбекистон расмийлари 2022 йилнинг декабрида мамлакат ичкарисида кузатилаётган танқислик туфайли Хитойга газ экспорти тўхтатилгани ҳақида билдирган эдилар. Озодлик радиоси ҳар йилгидек 2022 йилда ҳам Ўзбекистонда энергетик инқироз кузатилгани тўғрисида хабарлар берган.