Осиё тараққиёт банки (ОТБ) Ўзбекистон Ҳукуматининг мамлакат молия бозорларини мустаҳкамлаш ва барқарор бозорга йўналтирилган энергетика секторини ривожлантириш бўйича ташаббусларини қўллаб-қувватлаш учун умумий қиймати 400 миллион АҚШ доллари бўлган иккита қарзни маъқуллаган. Бу ҳақда ОТБ матбуот хизмати маълумот тарқатди.
Банк қайдича, ОТБнинг Марказий ва Ғарбий Осиё бўйича бош директори Евгений Жуков хусусий секторнинг фаол иштироки Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва трансформацияси учун жуда муҳим аҳамиятга эгалигини урғулаган.
“Ушбу дастурлар қўллаб-қувватлайдиган ислоҳотлар тартибга солувчи органлар ва компаниялар учун барқарор ички молиявий бозорларни яратиш ва иқлим ўзгариши масалаларини ҳал қилган ҳолда энергияга бўлган эҳтиёжларини қондириш орқали ривожланишни рағбатлантиришда ўз ролини ўйнаши учун қулай муҳит яратишга ёрдам беради”, деган ОТБ масъули.
Хабарномада "Энергетика секторини ислоҳ қилиш дастури"нинг 2-кичик дастури учун ажратиладиган 300 миллион АҚШ доллари миқдоридаги қарз хусусий сектор инвестицияларини рағбатлантириш ва молиявий барқарорликни ошириш мақсадида энергетика секторининг тузилиши, ҳуқуқий-меъёрий базаси ва бошқарувини такомиллаштиришга қаратилган сиёсат чораларини амалга ошириш учун бюджет ёрдамини тақдим этиши айтилган.
"Молия бозорларини ривожлантириш дастури"нинг 2-кичик дастури учун ажратиладиган 100 миллион АҚШ доллар миқдоридаги қарз эса, ОТБ вакилларига кўра, молиявий операциялар ва хизматларни оптималлаштириш учун бозор шароитларини яхшилашга, шунингдек, Ўзбекистоннинг капитал ва пул бозорлари ўсиши учун талаб ва таклифни тартибга солишга қаратилган регулятор ва институционал ислоҳотларни қўллаб-қувватлашга қаратилган.
Банк хабарномасида ОТБ Ўзбекистонга 400 миллион долларлик қарзни қандай шартлар асосида ажратгани очиқланган эмас.
Ўзбекистон Осиё тараққиёт банкига 1995 йилда аъзо бўлган. Ўтган қарийб 30 йил давомида банк мамлакатга 12.5 миллиард АҚШ доллари миқдорида қарз, грант ва техник кўмак тақдим этган.