Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг кичик қизи Шаҳноза Мирзиёева Миллий паралимпия қўмитаси ижроқўми йиғилишининг тегишли қарори билан қўмита раисининг биринчи ўринбосари лавозимига сайланган. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси матбуот хизмати маълумот тарқатди.
Хабарномада Шаҳноза Мирзиёева айни пайтда Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директорининг биринчи ўринбосари лавозимида ҳам ишлаб келаётгани эслатилган. Аввалроқ эса президентнинг кичик қизи Мактабгача тарбия вазирлигининг Мактабгача таълим муассасалари фаолиятини ташкил этиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари лавозимида ишлаган.
Шаҳноза Мирзиёева яқиндагина турмуш ўртоғи, Осиё Олимпия кенгаши вице-президенти Отабек Умаров билан биргаликда Парижда ёзги Олимпия ўйинлари ғолиблари ёнида кўриниш берган эди.
Хабарларга мувофиқ, 13 август куни Тошкентдаги Олимпия ва Паралимпия шон-шуҳрати музейида XVII ёзги Паралимпия ўйинларида қатнашадиган Ўзбекистон делегациясини тантанали кузатиш маросими бўлиб ўтган. Жорий йилнинг 28 августидан 8 сентябригача Парижда ўтказилажак мазкур мусобақаларда Ўзбекистондан спортнинг тўққизта тури бўйича 65 нафар пара атлет қатнашиши кутилмоқда.