Ўзбекистон, Қозоғистон ва Озарбайжон “яшил” энергетика йўлагига оид таъсис шартномасини имзолашди

Ўзбекистон, Қозоғистон ва Озарбайжон энергетиклари онлайн-учрашувидан лавҳа

Ўтган ҳафта якунида Ўзбекистон, Қозоғистон ва Озарбайжон ўртасида “яшил” энергетика йўлаги тўғрисидаги таъсис шартномасига қўл қўйилди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Вазирлик қайдича, мазкур ҳужжат уч мамлакатнинг тизим операторлари — “Ўзбекистон миллий тармоқлари” АЖ (Ўзбекистон), “КEГОC” АЖ (Қозоғистон) ва “Азерэнержи” ОАЖ (Озарбайжон) мутасаддилари тарафидан имзоланган.

“Яшил йўлак” деб ҳам аталадиган ушбу лойиҳанинг амалга оширилиши Европа Иттифоқининг “Яшил битим” каби янги ташаббусларини ҳисобга олган ҳолда савдо имкониятларини оширади”, дейилган Энергетика вазирлиги хабарномасида мазкур лойиҳа иштирокчи мамлакатлар энергетика тизимлари барқарорлигини мустаҳкамлашга ёрдам бериши ҳамда “яшил” инвестициялар орқали иссиқхона газлари чиқиндиларини камайтириш бўйича экологик мақсадларга катта ҳисса қўшиши урғуланган.

Қайд этилишича, томонлар Озарбайжон пойтахтида лойиҳани амалга ошириш бўйича қўшма корхона ташкил этиш таклифини қабул қилишган.

Ўзбекистонда 2030 йилгача “яшил” энергия ишлаб чиқариб, унинг ортиқча қисмини Қозоғистон ва Озарбайжон орқали Европа мамлакатларига экспорт қилиш режаланган. Аммо қатор йиллардан буён электр энергияси тақчиллиги кузатилаётган мамлакатда бу режа нақадар муваффақиятли амалга оширилиши мумкинлиги ҳозирча тушунарсиз бўлиб қолмоқда.