21 апрель куни Ўзбекистон масжидларида Рамазон ҳайити намозлари адо этилди. Ўзбекистон Мусулмонлари идорасига кўра, мамлакат бўйлаб 2000 дан ортиқ масжидларда мусулмонлар Ҳайит намозларини ўқишган.
Renesans TV канали маълумотларига кўра, масжидларда тахминан 3,5-4 миллион намозхонлар Рамазон ҳайити ибодатларида иштирок этган.
Имомлар хутбада Рамазон ойининг хислатлари, унинг тинчлик ва фаровонликдаги ўрни ҳақида гапиришган.
Озодли суҳбатлашган намозхонларга кўра, кўпгина масжидларда намозолди хутбаларида Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг янги лойиҳасини қабул қилишга оид референдумда фаол иштирок этишга чақирилган.
Тошкентнинг Яшнобод туманидаги "Ислом ота" масжидида намозхонларни референдам жараёнида фаол иштирок этишга чақирган имомга кўра, янги конституция лойиҳаси, аввало "виждон эркинлиги ва диний қадриятларни улуғловчи, уни ҳимоя қилувчи муҳим ҳужжат"дир.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари қўмитасининг исмини очиқлашни истамаган мулозимининг Озодликка билдиришича, Мусулмонлар идораси томонидан имомларга "қатъий белгиланмаган тезислар" тарқатилган.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Тезисларда конституциявий ислоҳотларнинг муҳимлиги, унинг мамлакат истиқболидаги ўрни баён қилинади.
“Бироқ тезисларни шунчаки ўқиб бериш эмас, балки жамоанинг ҳолати ва фаоллигидан келиб чиқиб, имомларнинг эркин маърузаларига имкон берилди”, дейди мулозим.
Намозхонларн турли масжидларда референдумга даъватлар турлича бўлганини айтишади. Айрим масжидларда имом хутба ортидан сиёсий жараёнларга 4-5 минутгача тўхталган бўлса, айримларида нотиқлар бир дақиқа сарфлашган.
Ўзбекистон Мусулмонлар идораси вакили Озодликка Рамазон Ҳайити маърузаларида 30 апрель куни ўтадиган конституциявий референдум тарғиботига оид йўриқнома берилганини тасдиқламади, айни пайтда инкор ҳам қилгани ҳам йўқ.
Ўзбекистон телерадиокомпанияси ва хусусий телеканаллар Ҳайит намози жараёнларини кенг ёритди.
Лавҳаларда намозхонлар учун жамоатчилик транспорти эрталабки соат 4 дан бошлаб фаолият олиб боргани, етарли даражада хавфсизлик чоралари кўрилгани баён этилади.
Ибодатлар даврида одатий шукрона тарғиботи, референдумнинг мамлакатдаги муҳим ўрни ҳақида гапирилди, дейди озодлик гаплашган тошкентликлардан бири.
Пойтахт масжидларида Ҳайит намозлари белиланган тартибда эрталаб соат 6 да ўқилди.
Вилоят марказлари, туман ва шаҳарларда намозлар 5-10 дақиқалик фарқ билан адо этилди.
Рамазон Ҳайити арафасида президент Мирзиёев мамлакат қамоқхоналаридаги 541 нафар шахс афв этиш ҳақидаги фармонни имзолаган.
Фармонга эълон қилинган расмий шарҳда айтилишича, афв этилганларнинг 6 нафарини "тақиқланган ташкилотлар фаолиятида қатнашган шахслар" ташкил этади. Ўзбекистон қонунчилигида ушбу ибора асосан, диний-сиёсий айблар билан қамалганларга нисбатан ишлатилади.
Ўтган ой охирида Тошкентга ташриф буюрган БМТнинг диний эркинликлар бўйича собиқ махсус маърузачиси Аҳмад Шахид Ўзбекистон ҳукумати махсус маърузачи 2017 йилда берган тавсияларни бажармаганини айтган эди.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Аҳмад Шаҳидга кўра, Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонунида диний ташкилотларни рўйхатга олиш, диний таълим бериш, диний адабиётлар чоп этилиши жараёнини эркинлаштиришга оид нормаларда "қолоқлик" сақланиб қолмоқда.
Унинг таъкидлашича, диний эркинлик билан боғлиқ жиноий, маъмурий қонунчиликка ўзгартиришлар киритиш, “экстремизм” тушунчасини қайта кўриб чиқиш, шахсларга “диний экстремизм”, “конституцияга хилоф фаолият” тушунчаларини аниқлаштириш тавсияси бажарилмаган.
Шунингдек, “ноқонуний диний гуруҳлар фаолиятида иштирок этиш”да айблаш мумкин бўлган ҳолатларни ислоҳ қилиш ва вояга етмаганларга диний маълумот олиш имкониятини берувчи шароитлар яратиш амалга ошмаган.