Ўзбекистон Россия билан дўстлик рейтингида энг юқори поғоналардан бирини эгаллади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев россиялик ҳамкасби Владимир Путин ва беларуслик ҳамкасби Александр Лукашенко билан (олд планда) Қозоғистон пойтахтида ўтказилган МДҲ саммитида, 2022 йил 14 октябри

Москвадаги Коммуникацияларни ривожлантириш миллий тадқиқот институти экспертлари ўтган ҳафта якунида Россиянинг 14 та постсовет ўлкаси билан “дўстлик рейтинги”ни тақдим қилишган.

Институт рейтингида мамлакатлар ташқи сиёсат, иқтисодиёт, медиакоммуникация, таълим, фан, маданият, ёшлар ишлари бўйича алоқалар, диний мулоқот ва бошқа шу каби 68 та кўрсаткич бўйича баҳоланган.

Унда 100 балли шкала бўйича Беларусь (88,4 балл) Россияга энг яқин кўрилган мамлакат ўлароқ эътироф этилган. Иккинчи ўринга 60,6 балл йиққан Қирғизистон қўйилган. 59,3 балл жамғарган Ўзбекистон эса Россияга “энг яқин ва дўст” ўлкалар рейтингида учинчи ўринни эгаллаган.

Рейтинг натижаларидан келиб чиқилса, Россия билан КХШТ ва Евросиё иқтисодий иттифоқи каби тузилмаларда аъзо давлат сифатида бирга фаолият юритаётган Қозоғистон (58,4 балл) ва Арманистон ҳам (57 балл), Россияга юз минглаб мигрант йўллаётган Тожикистон (57,9 балл) ва Москва билан катта энергетик шартномаларга эга Туркманистон 47,1 балл ҳам Ўзбекистондан орқада.

Рейтингда Грузия (24,2 балл) ва Молдова (8,3 балл) “нисбатан дўст” мамлакатлар сирасига киритилган. “Дўст бўлмаган” мамлакатлар қаторига эса Латвия (- 45,8 балл), Литва (- 49 балл), Эстония (- 51 балл) ва Украина (- 83 балл) каби мамлакатлар қўйилган.