Ўзбекистон рус тили мавқеини оширишга оид шартномага қўшилди

Архив сурати

Ўзбекистон Рус тили бўйича халқаро ташкилотни таъсис этиш тўғрисидаги шартномага қўшилди. Бунга доир қонун мамлакат президенти Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган.

Рус тили бўйича халқаро ташкилотни тузиш таклифи 2022 йил октябрь ойида Остонада ўтказилган МДҲ давлатлари раҳбарлари саммитида Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев томонидан билдирилганди. Мазкур таклифга асосан 2023 йил 13 октябрь куни МДҲ давлатлари раҳбарларининг Бишкек саммитида ташкилотни тузиш ҳақида шартнома имзоланган.

МДҲ ҳомийлигидаги ташкилот рус тилида сифатли таълимни қўллаб-қувватлаш, “Рус тили ва адабиёти” ҳамда “Рус тили чет тили сифатида” йўналишлари бўйича педагог ва илмий кадрлар тайёрлашга кўмаклашиши айтилган.

Таҳлилчиларга кўра, рус тилини жаҳон миқёсида кенг тарғиб-ташвиқ этиш Россия президенти Владимир Путин олиб бораётган империячилик сиёсатининг таркибий қисмига айланган. Янги ташкилот ҳам Кремлнинг ушбу сиёсатига хизмат қилиши борасида хавотирлар мавжуд.

Рус тили бўйича халқаро ташкилот таъсис этиш тўғрисидаги шартномани ҳозирга қадар Россия, Беларусь, Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон ва Озарбойжон ратификация қилган.

Ушбу битимни ратификация қилишга доир қонун ҳужжати Ўзбекистонда фавқулодда тезкорлик билан қабул қилинди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ушбу ҳужжатни 2024 йил 18 октябрида қабул қилган бўлса, Сенат 24 октябрь куни маъқуллаган. Мамлакат президенти эса 31 октябрь куни унга имзо чеккан.

Маълумот ўрнида, жорий йил 8 октябрь куни Москвада бўлиб ўтган МДҲ давлат раҳбарлари учрашувида Путин МДҲнинг барча давлатлари Халқаро рус тили ташкилотини ташкил этиш тўғрисидаги шартномани тез орада ратификация қилишини кутаётганини айтганди.