Ўзбекистон томони 3 июль куни Қирғизистоннинг Ўш вилояти Новқат туманидаги селдан жабрланганлар учун инсонпарварлик ёрдами етказиб берган.
Қирғизистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги қайдича, гуманитар юк Ўзбекистон фавқулодда вазиятлар вазирининг биринчи ўринбосари Санжарбек Зупаров етакчилигидаги делегация ҳамроҳлигида етказилган.
95 тонналик инсонпарварлик ёрдами 24 тонна ун, 12 тонна гуруч, 10 тонна шакар ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлардан иборат.
Новқат тумани ҳокими Жақипбек Субақўжўев Озодликнинг қирғиз хизматига Ўзбекистондан келган инсонпарварлик ёрдами махсус комиссия қарорига кўра эҳтиёжманд кишилар ўртасида тақсимланишини билдирган.
Аввалроқ 28 июнь кунги сел тошқини натижасида Новқат туманида 125 та уй яроқсиз ҳолга келгани, 12 кўприк вайрон бўлгани, 19 километрдан кўпроқ йўл сув остида қолгани хабар қилинган эди.
Табиий офат оқибатида Ўш вилоятининг Новқат ва Қорағулжа туманларида 14 киши нобуд бўлган.
Расмий маълумотларга кўра, 20 апрелдан 1 июлгача бўлган давр ичида Қирғизистонда сел тошқинлари туфайли кўрилган зарар миқдори 170 миллион сўмдан кўпроқни (шу кундаги курс бўйича 1 миллион 975 минг АҚШ доллари атрофида - таҳр.) ташкил этган.