Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Хитойда қирғизистонлик ҳамкасби билан учрашди

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов 11 май куни Хитойнинг Сиан шаҳрида қирғизистонлик ҳамкасби Руслан Қазақбаев билан учрашув ўтказган.

ТИВ матбуот хизмати маълумотига кўра, учрашув Ўзбекистон делегациясининг “Марказий Осиё – Хитой” форматида иккинчи учрашувидаги иштироки доирасида ўтказилган.

Қайд этилишича, учрашувда Комилов ва Қазақбаев икки томонлама алоқалар ривожланиши билан боғлиқ долзарб масалалар ҳамда минтақавий ҳамкорлик истиқболлари юзасидан фикр алмашганлар. Бироқ вазирлар ўртасида апрель ойи сўнгида қирғиз-тожик чегарасида юз берган можаро муҳокама қилинганми-йўқми – бунга аниқлик киритилган эмас.

“Томонлар Саноат кооперацияси бўйича “Йўл харитаси”ни, мультимодал транспорт коридори ҳамда “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўли лойиҳасини имкон қадар тез муддатда амалга оширишнинг муҳимлигини қайд этдилар”, дейилган Ўзбекистон ТИВ хабарномасида.

Бу орада Қирғизистон ТИВ матбуот хизмати тарқатган маълумотга мувофиқ. икки вазир учрашуви чоғида қирғи-тожик чегарасида юзага келган вазиятга алоҳида эътибор қаратгани урғуланган. Томонлар кўплаб қурбонларга олиб келган можаровий вазият сиёсий-дипломатик музокаралар йўли билангина ҳал этилиши лозимлиги хусусида якдил фикр билдирганлар.

Айни пайтда вазирлик Сианга ташриф доирасида Абдулазиз Комилов 11 май куни хитойлик ҳамкасби Ван И билан ҳам учрашган.

Музокаралар чоғида икки вазир Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ҳар томонлама стратегик шерикликнинг ҳозирги ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилган.

ТИВ қайдича, томонлар биргаликдаги саъй-ҳаракатлар натижасида иқтисодиёт соҳасидаги ҳамкорликнинг жадал ривожланишини таъминлашга эришилганлигини мамнуният билан эътироф этишиб, ўзаро савдо ҳажмлари ва номенклатурасини янада оширишнинг муҳимлигини таъкидлашган. “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” мультимодал транспорт маршрутини ривожлантириш ва “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўлини қуриш лойиҳасини биргаликда ҳаётга татбиқ қилиш бўйича тезроқ амалий чоралар кўришнинг долзарблиги қайд этилган.

Вазирлар халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасидаги ҳамкорлик, минтақавий хавфсизликни таъминлаш, Афғонистонда мустаҳкам тинчликка эришишга ва унинг иқтисодиётини тиклашга кўмаклашиш механизмларига ҳам алоҳида эътибор қаратганлар.

ТИВ вазир А. Комилов сешанба куни Сиан шаҳрида Хитой Халқ Республикаси Шенси провинцияси губернатори Чжао Иде билан ҳам музокаралар ўтказгани ҳақида маълум қилган.