Ўзбекистон Туркий тилли мамлакатлар парламент ассамблеясига (ТУРКПА) кириш ҳақида қарор қабул қилган. Бу ҳақда, Туркиянинг “Онадўли” агентлиги хабарига кўра, Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев Тошкентга борган ТУРКПА делегацияси билан учрашув чоғида билдирган.
Туркия Буюк миллат мажлиси депутати Исмет Учма бошчилигидаги делегация таркибига қозоғистонлик, қирғизистонлик ва туркиялик депутатлар кирган.
Томонлар Туркий кенгашга аъзо мамлакатлар билан Ўзбекистон ўртасидаги икккин томонлама алоқалар ҳамда Ўзбекистон парламенти ва ТУРКПА ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилганлар.
Учма Ўзбекистон ўтмишда бўлгани каби ҳозир ҳам турк дунёсида алоҳида ўрин тутишини қайд этган.
“ТУРКПА Ўзбекистон билан ҳар соҳада ҳамкорликни ривожлантириш ниятида”, дея билдирган туркиялик депутат Ўзбекистоннинг ТУРКПАга қўшилиши мазкур ташкилот кучига куч қўшишини қўшимча қилган.
Ўз навбатида, Содиқ Сафоев Ўзбекистон Туркий кенгаш билан ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратаётганини урғулаган.
“Ўзбекистон парламенти ТУРКПА билан алоқаларни янада мустаҳкамлаш ниятида”, деган Сенат раисининг биринчи ўринбосари.
Сафоевга кўра, Ўзбекистон келажакда ТУРКПАга қўшилишга қарор қилган.
Туркий тилли мамлакатлар парламент ассамблеясига 2008 йил ноябрида Озарбайжон, Туркия, Қирғизистон ва Қозоғистон вакиллари иштирокида Истанбул шаҳрида асос солинган.