Туркиянинг TUSAŞ (Türk Havacılık ve Uzay Sanayii AŞ) давлат аэрокоинот ширкати тез орада Ўзбекистонга ANKA дронларини етказиб беришни бошлайди.
Мудофаа саноати янгиликларига ихтисослашган SavunmaSanayiST нашрининг хабар қилишича, бир двигателли ANKA дрони 30 соатгача учиш ва 350 килограмм фойдали юк кўтариш қувватига эга.
Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги турк ширкати билан дрон олди-бердиси юзасидан расмий маълумот бермаган.
Таҳлилчилар Туркиянинг жаҳон мудофаа саноати, жумладан, ҳарбий учувчисиз қурилмалар бозоридаги ўрни ошиб бораётганини айтишади. Хусусан, Ўзбекистон харид қилаётган ANKA дронларидан Жазоир, Қозоғистон, Тунис, Малайзия, Индонезия ва Чад армияси ҳам фойдаланади.
Ўзбекистон Туркиядан аввал ҳам учувчисиз учиш аппаратлари сотиб олгани маълум. 2023 йил ноябрь ойида президент Шавкат Мирзиёевнинг Сурхондарё вилоятидаги ҳарбий қисмга ташрифи вақти унга Bayraktar TB2 дрони парвози намойиш этилган эди.
Аввалроқ Озодлик суҳбатлашган экспертлар Туркиянинг Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорлигида ҳарбий саноат маҳсулотлари, жумладан, дрон савдоси муҳим ўрин тутишини таъкидлашганди.
Ўзбекистон мудофаа вазири, генерал-майор Шуҳрат Холмуҳамедов 2024 йил декабрь ойида парламентдаги чиқишида миллий армия машғулотларда асосий эътибор замонавий учувчисиз учиш аппаратларини қўллашга қаратилганини айтиб ўтганди.
2022 йилда Ўзбекистон замонавий технологиялар асосида учувчисиз учиш аппаратлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйгани эълон қилинган эди.