Ўзбекистон ва БАА стратегик шерикларга айланишди

Ўзбекистон билан БАА ўртасида стратегик шериклик ўрнатиш тўғрисида декларация имзоланиши жараёни, Абу Даби, 2025 йил 15 январи (Президент матбуот хизмати фотоси)

Жорий йилнинг 15 январь куни Абу Даби шаҳрида Ўзбекистон Республикаси ва Бирлашган Араб Амирликлари ўртасида Стратегик шериклик ўрнатиш тўғрисида декларация имзоланди. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати маълум қилди.

Абу Дабидаги “Қаср аш-Шати” қароргоҳида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва БАА президенти Шайх Муҳаммад Ол Наҳаён учрашуви якунида Инвестицияларни ўзаро рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш тўғрисида, Молиявий-техник ҳамкорлик тўғрисида, Стандартлаштириш, метрология ва мувофиқликни баҳолаш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида каби ҳукуматлараро битимлар ҳам маъқулланган.

Икки давлат раҳбари иқтисодий ҳамкорликнинг янги моделини, жумладан, сунъий интеллект, рақамлаштириш, “яшил” энергетика, шаҳарсозлик ва инфратузилма, туризм, хусусий бизнес каби 6 та асосий йўналишни белгилаб олишган.

Абу Даби ва Тошкент 2030 йилга қадар ўзаро савдо ҳажмини 10 баробарга кўпайтириш ва инвестиция портфелини 50 миллиард долларга етказиш режасини эълон қилишган.

Стратегик шериклик давлатлараро дипломатик муносабатларнинг иттифоқчиликдан аввалги босқичидир.

БАА Ўзбекистон стратегик шериклик муносабатларини ўрнатган ўн олтинчи давлатдир. Ҳозирга қадар расмий Тошкент АҚШ, Россия, Хитой, Япония, Корея, Қозоғистон, Туркманистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркия, Озарбайжон, Венгрия, Ҳиндистон, Покистон, Қатар билан стратегик шерикликка доир ҳужжат имзолаган. Ўзбекистон Россия ва Қозоғистон билан айни пайтда иттифоқчи ҳам ҳисобланади.

Озодлик аввал хабар қилганидек, Ўзбекистон сўнгги бор 2024 йил апрель ойида Қатар билан икки томонлама муносабатларни стратегик шериклик мақомига кўтарганди.