Россия ҳукумати делегациясининг Тошкентга икки кунлик сафари доирасида Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов ва РФ бош вазири Михаил Мишустин қўшма коммюнике имзолашган. Бу ҳақда Ўзбекистон бош вазири матбуот котиби Бекзод Ҳидоятов маълум қилди.
Ўзбекистон ҳукумати матбуот хизмати делегациялар учрашуви чоғида бошқа қандай ҳужжатлар имзоланганига аниқлик киритган эмас, бироқ бу ҳужжатлар РФ ҳукумати портали хабарномасида санаб ўтилган. Россия ва Ўзбекистон ҳукуматлари раҳбарлари даражасидаги Қўшма комиссиянинг бешинчи йиғилиши якунлари бўйича қўшма коммюнике, “Агроэкспресс” тезлаштирилган темир йўл ташувларини ташкил этиш лойиҳасини амалга ошириш масалалари бўйича РФ ва Ўзбекистон ҳукуматлари ўртасидаги ҳамкорликка оид шартнома, Дори-дармонлар маркировкаси кодлари тўғрисидаги маълумотларни алмашиш мақсадида информацион ҳамкорлик тўғрисида РФ ва Ўзбекистон ҳукуматлари ўртасида тузилган шартнома, Тиббиёт кадрларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш соҳасида РФ ва Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирликлари ўртасида тузилган англашув баённомаси шулар жумласидандир.
Ўзбекистон ва Россия ҳукуматлари вакиллари ўртасида имзоланган ҳужжатлар ичида ўзбек жамоатчилигининг диққат-эътиборида бўлган газ олди-сотдиси ёки АЭС қурилишига оид битимлар йўқ.
Ўзбекистон ҳукумати матбуот хизмати маълумотига кўра, бош вазир Мишустин бошчилигидаги РФ ҳукумат делегациясининг Тошкент ташрифининг илк кунида икки мамлакат ҳукумат раҳбарлари даражасидаги қўшма комиссиянинг бешинчи мажлиси бўлиб ўтган. Мажлисда Ўзбекистон ва РФ ўртасидаги “истиқболли сармоявий лойиҳалар ва савдо шартномаларининг амалга оширилишини таъминлаш ҳамда маданий-гуманитар ҳамкорликни чуқурлаштириш режалари” кўриб чиқилган.
“Шу куннинг ўзида Россия Федерацияси ҳукумати делегацияси Тошкент шаҳридаги «Ғалаба боғи» ёдгорлик мажмуасига ташриф буюрди ва Технопаркда бўлиб, ишлаб чиқарилаётган кенг турдаги юқори технологик маҳсулотлар билан танишди”, дейилган Ўзбекистон ҳукумати матбуот хизмати томонидан 9 сентябрь оқшомида тарқатилган хабарномада.