Ўзбекистон ва Россия прокурорлари тажриба алмашади

Россия бош прокурори Игорь Краснов (архив сурати)

2025 йилдан Россия ва Ўзбекистон прокуратура тизими ходимларининг ўзаро тажриба алмашуви ва малака ошириши йўлга қўйилади. Бу ҳақда Россия бош прокурори Игорь Краснов Тошкентда 20 ноябрь куни ўзбекистонлик ҳамкасби Ниғматилла Йўлдошев билан учрашувда гапирган.

Ўзбекистон бош прокурори таклифига кўра Тошкентга келган Краснов “фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва жиноятчиликка қарши курашиш механизмларини такомиллаштириш бўйича кейинги қўшма қарорларни ишлаб чиқиш бўйича фикр алмашади”.

Маҳаллий матбуотнинг ёзишича, Краснов Йўлдошев билан учрашувда Россия Ўзбекистоннинг рақамлаштириш бўйича тажрибасидан фойдаланиш ниятида эканини қайд этган.

Россиялик меҳмон МДҲ мамлакатлари бош прокурорлари мувофиқлаштирувчи кенгаши фаолиятини такомиллаштириш кераклигини ҳам урғулаган.

2024 йил апрель ойида Москвада бўлиб ўтган учрашувда Россия ва Ўзбекистон бош прокурорлари идоралараро ҳамкорлик дастурини имзолаганди.

Эслатиб ўтамиз, АҚШ ва Европа Иттифоқи 2021 йил март ойида “Навальний иши” доирасида Россия бош прокурори Игорь Красновга нисбатан санкция жорий қилган.