Хитой пойтахти Пекин шаҳрида 6 май куни “Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон” темир йўли бўйича стратегик лойиҳани амалга ошириш тўғрисидаги битимни имзолаш маросими ўтказилган.
Мазкур битимни Ўзбекистон томонидан транспорт вазири Илҳом Маҳкамов, Хитой томонидан Тараққиёт ва ислоҳотлар бўйича давлат қўмитаси раиси Шаньцзе, Қирғизистон томонидан эса транспорт ва коммуникациялар вазири Тилек Текебаев имзолаган.
Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, шу муносабат билан Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Пекиндаги маросим иштирокчиларига видеомурожаат йўллаган. Шу каби мурожаатлар ХХР раиси Си Цзиньпин ва Қирғизистон президенти Садир Жапаровдан ҳам йўлланган.
Ўз мурожаатида Мирзиёев уч давлат ўртасидаги темир йўли Хитойни Марказий Осиё минтақаси билан боғловчи энг қисқа қуруқлик йўлига айланиши, келгусида бу йўл уч мамлакатга истиқболли Трансафғон йўлаги орқали Жанубий Осиё ва Яқин Шарқ давлатларининг кенг бозорларига чиқиш имконини беришини урғулаган.
Ўзбекистон президентига кўра, мазкур лойиҳанинг амалга оширилиши оқибатида вужудга келадиган иқтисодий самара янги корхоналар ва ўн минглаб иш ўринлари яратилиши, ўзаро савдо ҳажми каррасига ошиши, саноат кооперацияси кенгайиши, инвестициявий жозибадорлик ўсиши ва энг муҳими – аҳоли турмуш даражаси ошида намоён бўлади.
Қурилажак темир йўл, келишувга кўра, Қашғар – Тўруғарт – Мақмал – Жалолобод – Андижон йўналиши бўйлаб ўтади.
Қирғизистон президент Садир Жапаров бундан бир ой муқаддам “Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон” темир йўли шу йил октябрида бошланиши мумкинлиги ҳақида билдирган эди. Ўшанда Жапаров ҳозирда Қирғизистон логистика нуқтаи назаридан “боши берк кўча”даги давлат бўлиб ҳисобланиши, дунёга чиқиш учун у Қозоғистон ва Россия темир йўлларидан фойдаланишга мажбурлигини қайд эта туриб, “темир йўл қуриб битказилганидан кейин биз дунёга чиқа оламиз”, дея таъкидлаган эди.
Лойиҳа якунига етказилган тақдирда бу йўл орқали йилига 15 миллион тоннагача юк ташилиши мумкинлиги, товарларни харидорларига етказиш муддати эса бир ҳафтага қисқариши тахмин қилинмоқда.