Ўзбекистон Хитой билан атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланиш соҳасида ҳамкорлик қилади.
Gazeta.uz нашри хабарига кўра, 4 ноябрь куни Атом энергияси агентлиги директори Азим Аҳмадхўжаев Шанхайдаги ЭКСПО кўргазмаси доирасида China National Nuclear Corporation Overseas ширкати бош директори Веи Фуки билан учрашган.
Музокара якунида Хитойнинг АЭС қуриш тажрибасини ўзлаштириш, Ўзбекистонда Хитойнинг кичик модулли реакторларини (КМР) қўллашни ўрганиш ва потенциал лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувга эришилган.
Пекин ва Тошкент, шунингдек, уран рудасини қазиб олиш, қайта ишлаш, шунингдек, ишлаб чиқаришни кенгайтириш соҳасидаги ҳамкорлик ва юқори қўшилган қийматли тайёр маҳсулотларни экспорт қилиш ҳамда кейинчалик АЭСларда ёқилғидан фойдаланиш масалаларини муҳокама қилган.
“Ўзатом”га кўра, Хитой томони ядро технологияларининг барча йўналишларида икки томонлама муносабатларни ривожлантиришдан манфаатдор эканини билдирган.
Маълумот ўрнида, Ўзбекистон жорий йил июнь ойида “Росатом” давлат корпорацияси билан кичик қувватли АЭС қурилишига доир ҳужжатни имзолаган. 330 МВт қувватга эга станция (ҳар бири 55 МВт қувватга эга олтита реактор) Жиззах вилоятида (Тузкон кўли) барпо этилади.
Расмий Тошкент Россия ширкати бош пудратчилигидаги КҚАЭС қурилишида хорижий компанияларни ҳам жалб этиш режасини маълум қилган.
“Ўзатом” делегацияси раҳбарияти жорий йил август ойида лойиҳада иштирок этиш истагини билдирган, яъни турбина ускуналари, генераторлар ва қуруқ градирнялар (АЭС ускуналарини совитувчи қурилма) етказиб беришни режалаштирган Хитой компаниялари вакиллари билан учрашганди.