Ўзбекистон умумий қиймати қарийб 1,5 миллиард АҚШ доллари эквивалентидаги навбатдаги суверен халқаро облигацияларини жаҳон молия бозорларида жойлаштирди.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги маълум қилишича, 18 ва 20 февраль кунлари куни Лондонда АҚШ долларида 7 йиллик, еврода 4 йиллик ва сўмда 3 йиллик суверен халқаро облигацияларни жойлаштириш бўйича буюртмалар қабул қилиниши эълон қилинган.
Ўзбекистоннинг халқаро облигацияларини сотиб олиш учун жами 4,2 миллиард доллар миқдорида (доллардаги облигацияларга – 2 миллиард доллар, евродагиси – 1,6 миллиард евро ва сўмдагисига 7,3 триллион сўм) буюртмалар келиб тушган.
Облигациялар бўйича қуйидаги фоиз ставкалари қайд этилган:
• 500 миллион АҚШ доллари миқдоридаги 7 йиллик облигациялар бўйича – 6,95 фоиз;
• 500 миллион евро миқдоридаги 4 йиллик облигациялар бўйича – 5,1 фоиз;
• 6 триллион сўм миқдоридаги 3 йиллик облигациялар бўйича – 15,5 фоиз.
Вазирликка кўра, халқаро облигацияларни жойлаштиришдан келиб тушган маблағлар 2025 йилги давлат бюджети тақчиллигини молиялаштириш ҳамда ипотека дастурини молиялаштириш учун тижорат банкларига ресурс ажратиш учун йўналтирилади.
Жумладан, “яшил” мақоми билан чиқарилган евродаги облигациялардан келиб тушадиган маблағлар сув тежовчи технологияларни жорий қилиш, санитар тозалаш ишларини ташкил этиш каби лойиҳаларни молиялаштириш учун сарфланади.
Доллар ва сўмда чиқарилган облигациялардан тушган маблағлар эса аҳолини уй-жой билан таъминлаш, мактаблар, мактабгача таълим муассасалари ва бошқа ижтимоий соҳа объектларини қуришга йўналтирилиши билдирилган.
Фаоллар халқаро миқёсда яна 1,5 миллиард доллар қарзлар жалб қилиниши ортидан мамлакатда маош ва нафақалар ошириладими деган саволни муҳокама қилмоқда.
Жумладан, иқтисодчи Отабек Бакиров ҳукумат облигациялар орқали 2024 йил май ойида ҳам 1,5 миллиард долларлик қарз жалб қилган бўлса-да, маош ва пенсиялар индексация қилинмаганига эътибор қаратган.
Озодлик аввал хабар қилганидек, Ўзбекистон 2020 йил ноябрь ойида тарихида илк маротаба халқаро молия бозорларида миллий валютада 2 триллион сўм ҳажмида суверен облигациялар жойлаштирганди.