Ўзбекистон яна инглизча саводхонлик паст бўлган давлатлар қаторида қолди

Ўзбекистон дунё мамлакатларида инглиз тилини билиш даражасини баҳоловчи энг йирик рейтинг – EF English Proficiency Index 2024’да 114 та мамлакат орасида 98-ўринни эгаллади.

Ўтган йили мамлакат 113 та мамлакат орасида 93-ўринни эгаллаганди. Шу тариқа ўзбекистонликларнинг инглиз тилини билиш борасидаги ўртача рейтинг балли 442 дан 439 гача пасайган (максимал балл – 700).

EF English Proficiency рейтинги дунё бўйича инглиз тилини иккинчи ёки хорижий тил сифатида ўрганган 2,1 миллион кишининг имтиҳон натижалари асосида тузилган. Бу борада Нидерландия биринчи, Норвегия иккинчи ва Сингапур учинчи ўринни эгаллаган.

Рейтингда мамлакатлар аҳолисининг инглиз тилини билиш даражасига қараб 5 тоифага (“жуда юқори”, “юқори”, “ўртача”, “паст”, “жуда паст”) бўлинган. Булар орасида Ўзбекистон, аввалги йилларда бўлгани каби, инглиз тилини билиш “жуда паст” даражадаги мамлакатлар қаторида қолган.

Ушбу рейтингни тузган EF Education First компаниясининг (Швеция) МДҲ бўйича бўлинмаси томонидан Kun.uz нашрига тақдим этилган маълумотларга кўра, Ўзбекистонда инглиз тилини билиш даражаси йирик шаҳарларда нисбатан юқори бўлиб қолмоқда. Бу борада Андижон (461 балл), Тошкент (457 балл) ва Фарғона (456 балл) шаҳарлари энг яхши натижани қайд этган.

Жиззах (384 балл), Қашқадарё (404) ва Хоразм (405) вилоятларида инглиз тилини билиш кўрсаткичи энг паст деб топилган.

“Охирги 4 йилда Ўзбекистонда инглиз тилини билиш даражаси узлуксиз равишда тушиб бормоқда. Шу билан бирга, бу пасайиш суръати бутун дунё миқёсидаги пасайиш тенденциясидан секинроқ кечмоқда. Масаланинг гендер жиҳати алоҳида эътиборга молик: мамлакат тарихида иккинчи марта эркаклар ва аёллар ўртасида инглиз тилини билиш даражаси тенглашди”, деган EF Education First ширкатининг МДҲ бўйича директори Дмитрий Фёдоров.

Ўзбекистон халқаро рейтингга 2018 йилдан бошлаб киритилган. Мамлакат рейтингга киритилиши учун имтиҳонларда камида 5 минг киши қатнашиши зарур. 2024 йил давомида Ўзбекистондан 7339 киши Education First тестини ечган.