Ўзбекистон Европа Иттифоқининг сунъий йўлдош тармоғига уланади

Европа комиссияси президенти Урсула фон дер Ляйен

Европа Иттифоқи Ўзбекистоннинг энг чекка ҳудудларига қадар замонавий рақамли алоқани етказиб бериш учун мамлакатни сунъий йўлдош тармоғига улаш устида ишламоқда. Бу ҳақда Европа комиссияси президенти Урсула фон дер Ляйен Тошкентда 6 ноябрь куни бўлиб ўтган “Ўзбекистонда Европа иқтисодиёти кунлари” бизнес-форуми қатнашчиларига йўллаган видеомурожаатида гапирган.

Gazeta.uz нашри қайдича, Урсула фон дер Ляйен сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Европа “мисли кўрилмаган даражада бир-бирига яқинлашгани”ни урғулаган.

Сиз нафақат Осиёда, балки глобал савдо йўналишлари ва инвестиция оқимларида ҳам ўз марказий ўрнингизни қайтармоқчисиз. Европа эса Ўзбекистоннинг минг йиллик тарихидаги ушбу янги бобда сизнинг ҳамкорингиз бўлишни истайди”, деган Еврокомиссия раҳбари.

Маълумотларга кўра, Европа 2021 йилдан ўзбек маҳсулотлари учун ўз бозорини очгач, тўқимачилик ва металлургия маҳсулотлари экспорти жадал суръатда ўсган.

Урсула фон дер Ляйен ЕИ “Глобал дарвоза” дастури орқали Ўзбекистонни дунё билан янада мустаҳкам боғланиш бўйича қўллаб-қувватлаётгани, хусусан, Европадан Шарқий Осиёга энг қисқа ва хавфсиз йўналиш бўлган Транскаспий йўлагига 10 миллиард еврогача инвестиция киритаётганини айтган. Ушбу йўлак Европа ва Марказий Осиёни 15 кундан камроқ вақт ичида боғлашга имкон беради.

2024 йилнинг апрель ойида муҳим минералларни етказиб бериш занжири тўғрисида битим имзоладик. Баъзи инвесторлар фақат хомашё қазиб олишдан манфаатдор эканини биламиз, лекин биз ундай эмасмиз. Биз энг юқори стандартлар асосида маҳаллий аҳоли учун иш ўринлари ва қўшилган қийматга эга маҳаллий ишлаб чиқаришни яратишни қўллаб-қувватламоқчимиз”, деган европалик юқори лавозимли мулозима.

Президент Шавкат Мирзиёев жорий йил июль ойида Урсула фон дер Ляйенга Европа комиссияси президенти лавозимига қайта сайлангани муносабати билан йўллаган табрик мактубида Ўзбекистон ЕИ билан муносабатларда мутлақо янги саҳифа очадиган Кенгайтирилган ҳамкорлик ва шериклик тўғрисидаги битимни тез орада имзолаш тарафдори эканини маълум қилганди.