Ўзбекистон зилзиладан жабр кўрган Сурияга гуманитар ёрдам йўллади

Uzbekistan Airways авиаширкатига қарашли юк учоқларидан бири (архив сурати)

Суриянинг зилзиладан жабр кўрган аҳолиси учун 21 февраль куни инсонпарварлик ёрдами юборилган. Бу ҳақда хабар қилган Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги гуманитар ёрдам президент Шавкат Мирзиёев топшириғига биноан йўлланганини қайд этган.

Эллик тоннага яқин гуманитар ёрдам болалар ва катталар учун кийимлар, маиший техника воситалари, чидамли озиқ-овқат консервалари, қуруқ мевалар, ярим тайёр овқатлар, чақалоқлар бўтқаси, адёл ва ёстиқлар, гигиеник воситалар тўплами каби зарур восита ва маҳсулотлардан иборат экани айтилган.

Ёрдам юкини Сурияга етказиб бериш Ўзбекистоннинг Фавқулодда вазиятлар ва Транспорт вазирликлари ходимларига топширилган.

Жорий йилнинг 6 февраль куни Туркия жануби-шарқида ва Сурия шимоли-ғарбида кузатилган 7,8 ва 7,6 балли зилзилалар оқибатида Туркияда 41 мингдан зиёд одам, Сурияда эса 6 мингдан зиёд одам қурбон бўлгани айтилмоқда.

Аввалроқ Озодлик Ўзбекистон томонидан Туркиянинг зилзила ҳудудига 170 тонна инсонпарварлик ёрдами юборилгани ҳақида хабар қилган эди.