Ўзбекистонда 2020 йилда инфляция 11,1 фоизни ташкил этди

Ўзбекистонликларнинг айтишларича, ҳар сафар иш ҳақларининг оширилиши оқибатида, истеъмол моллари нархлари ҳам сезиларди даражада қимматлайди.

Gazeta.uz нашрининг Давлат статистика қўмитаси ҳисоботига таяниб хабар беришича, Ўзбекистонда 2020 йилда инфляция 11,1 % ни ташкил этган.

Мамлакатда 12 ой давомида озиқ-овқат маҳсулотлари 15,3 % га, ноозиқ-овқат маҳсулотлари 8,8 % га, хизматлар эса 7,1 % га қимматлашган.

Озиқ-овқат маҳсулотлари орасида нархларнинг сезиларли ўсиши тухум, сариёғ ва ёғлар, гўшт ҳамда нон маҳсулотлари нархларида қайд этилган (15,2 %).

Ҳисоботга кўра, декабрь ойида истеъмол нархлари ва тарифларининг ўртача даражаси 1,6 % га ўсган.

Хусусан, декабрь ойида умумий овқатланиш соҳасида нархлар ўртача 1,4 % га, алкоголли ичимликлар – 1,1 % га, алкоголсиз ичимликлар эса 0,4 % га ўсган.

2019 йил охирига таққослаганда нархларнинг сезиларли даражада ўсиши тухум (37,6%), сариёғ ва ёғлар (27%), гўшт, парранда гўшти ва балиқ (18,1%), шунингдек, нон маҳсулотлари (15,2%) нархларида қайд этилган.

2020 йил бошидан бери бошқа маҳсулотларга таққослаганда гречиха (1,5 баробардан кўпга) ва ловия (36,2 % га) нархи энг кўп кўтарилган.

Нон маҳсулотлари нархларида апрель (4,3%), гўшт, парранда гўшти ва балиқ маҳсулотлари нархларида эса сентябрь ойида (3,8%) энг катта ўсиш қайд этилган.

2020 йилнинг декабрь ойида ноозиқ-овқат маҳсулотлари орасида заргарлик буюмлари ва автомобиль ёқилғилари нархида энг катта ўсиш қайд этилган. Хусусан, ушбу маҳсулотларнинг нархлари 2,5 % га кўтарилган.

2019 йил декабрь ойига нисбатан босма маҳсулотлар (14,6%), дори-дармонлар (13,3%), тамаки маҳсулотлари (11,6%) ва қурилиш материаллари (11,2%) нархлари сезиларли даражада ошган.

Хусусан, 2019 йилга таққослаганда 2020 йилда кўпроқ ўсиш ноозиқ-овқат маҳсулотларининг асосий гуруҳлари орасида қурилиш материаллари (11,2% га нисбатан 7,3% га), дори-дармонлар (13,3% га нисбатан 6,9% га), шунингдек, шахсий транспорт нархларида (8,8% га нисбатан 5,2%) қайд этилган.

2019 йилда автомобиль ёқилғилари нархи 20,8 % га ўсган бўлса, 2020 йилда бу кўрсаткич 7,5 % ни ташкил қилган.

Умуман олганда, январь-декабрь ойларида тарифлар нархининг энг кўп ўсиши давлат мактабгача таълим ташкилотлари (15,2%), маиший хизматлар (13,6%), тиббиёт хизматлари (12,2%) ҳамда йўловчилар транспорти нархларида (11,5%) кузатилган.

Айни пайтда, 2021 йил 1 февралдан бошлаб, бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи ҳамда стипендиялар миқдори 1,1 баробарга оширилади. Тегишли қарор 30 декабр куни президент томонидан имзоланган.

Ўзбекистонликларнинг айтишларича, ҳар сафар иш ҳақларининг оширилиши оқибатида, истеъмол моллари нархлари ҳам сезиларди даражада қимматлайди.