Binance криптобиржаси Ўзбекистонда маҳаллий CoinPay платформаси орқали иш бошлади.
“Барча интеграция босқичлари якунлангани ва Ўзбекистондаги фойдаланувчилар энди Binance криптобиржаси томонидан ишлаб чиқилган ечимдан coinpay.uz/binance қўшма платформаси орқали расман фойдаланиши мумкинлигини мамнуният билан эълон қиламиз”, дейилган платформа ахборотида.
Қайд этилишича, энди фойдаланувчилар ўз маблағларини банк карталари ва миллий тўлов тизимлари орқали миллий валютада киритиш ва ечиб олиш имкониятига эга бўлади.
Kun.uz нашрининг эслатишича, 2024 йилнинг январь ойида Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги Ўзбекистон қонунчилиги талабларини бузгани учун Binance криптобиржасига нисбатан жарима қўллаш ҳақидаги қарор қабул қилган ва тегишли даъво аризаси Тошкент шаҳри иқтисодиёт судига юборилган эди.
Суд агентлик даъвосини тўлиқ қондириш ҳамда криптобиржадан 300 базавий ҳисоблаш миқдорига тенг бўлган жаримани Ўзбекистон бюджетига ундириш ҳақида қарор чиқарган. Белгиланган жарима тўланган.
Binance рақамли валюта айирбошлаш бўйича онлайн хизматларни ўз ичига олувчи блокчейн компаниясидир.
Озодлик аввал хабар қилганидек, Ўзбекистон криптоактивларни қабул қилиш бўйича глобал индексда Марказий Осиё ва Кавказда биринчи, дунёда эса ўттиз учинчи ўринни эгаллаган эди.
Ҳисоботга кўра, 2023 йилда мамлакатда 512,3 минг фуқаро (умумий аҳолининг 1,46 фоизи) криптоактивларга эгалик қилган.
Ўзбекистон резидентлари криптоактивларга фақат мамлакатда лицензияланган провайдерлар орқали эгалик қилиши мумкин. Криптоактивларнинг ноқонуний айланмаси учун эса жавобгарлик жорий этилган. Ушбу ҳуқуқбузарлик учун жаримадан тортиб 5 йилгача қамоқ жазоси кўзда тутилган.
Мамлакатда бир неча киши ноқонуний криптовалюта олди-сотдисида айбланиб, маҳкамага тортилгани маълум.