Ўзбекистонда газ қазиб олиш янада қисқарди

Иллюстратив сурат

Ўзбекистонда жорий йилнинг 9 ойи давомида газ қазиб олиш ҳажми 35,16 миллиард куб метрни ташкил этди. Шу тариқа мазкур кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 1,67 миллиард куб ёки 4,8 фоизга қисқарди.

Статистика агентлиги чоп этган 2024 йилнинг январь-сентябрь ойларидаги саноат ишлаб чиқаришига доир маълумотларга кўра, газ қазиб олиш қисқариши манзарасида импорт ҳажми ошиб боряпти. 9 ой мобайнида мамлакат хориждан 1 миллиард 278 миллион долларлик (ўтган йилдан 3,6 баробар кўп) газ сотиб олган.

Ички қазиб олиш кўрсаткичи ёмонлашиб бораётгани ҳам газ экспортини оширишга тўсқинлик қилмаган. Йил бошидан буён экспорт 16,5 фоизга кўпайиб, 480 миллион долларга етган.

Таҳлилларга қараганда, Ўзбекистонда газ қазиб олиш ҳажми йил сайин қисқариб бормоқда. 2022 йилда 51,67 миллиард куб метр газ қазиб олинган бўлса, 2023 йилда бу кўрсаткич 46,71 миллиард куб метрга пасайган.

Маҳаллий экспертлар мамлакатнинг газ борасида Россияга қарамлиги ортишидан хавотир билдириб келмоқда.

Аввалроқ Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов Устюрт минтақасида геология-қидирув ишлари кутилган натижа бермаса, газ импорти 2030 йилда 10-11 миллиард куб метрга етишини айтганди.