Ўзбекистонда ҳар бир маҳалла ёшларига етакчи тайинланади

Иллюстратив сурат

Ўзбекистондаги ҳар бир шаҳарча, қишлоқ, овулда, шунингдек, шаҳарлар, шаҳарчалар, қишлоқлар ҳамда овуллардаги ҳар бир маҳаллада ёшлар етакчиси лавозими жорий этилади. Бу ҳақда президент Ш. Мирзиёев томонидан 19 январь куни имзоланган “Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорда айтилган.

Ҳужжатга мувофиқ, “Ёшлар баланси”ни шакллантириш, ёшлар тўғрисидаги зарур маълумотларни “Ёшлар дафтари” ва “Ёшлар портали” электрон платформаларига киритиб бориш, улар билан самарали иш ташкил қилиш, маҳаллаларда ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, миллий халқ ўйинлари ва спорт турларини ёшлар орасида оммалаштириш, ёшлар фестиваллари ва бошқа маданий-маърифий тадбирларни амалга ошириш, ёшларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, иқтидори, истеъдоди ва ташаббусларини рағбатлантириш ҳамда ҳаётда ўз ўрнини топишларига кўмаклашиш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ҳамда уларнинг интеллектуал жиҳатдан камол топишини ва маънавий ривожланишини таъминлаш, ҳуқуқбузарлик содир этишга мойиллиги бўлган ёшлар билан тизимли ишлаш, жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган, ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларидан қайтиб келган ёшларнинг ижтимоий-педагогик реабилитация қилиниши ва мослашувига кўмаклашиш кабилар ёшлар етакчисининг асосий вазифалари этиб белгиланган.

Етакчилар зиммасига ўзига бириктирилган маҳаллаларда маданият ва санъатни тарғиб қилиш, соғлом турмуш тарзи ва спортни оммалаштириш, ахборот технологияларидан самарали фойдаланишни ташкил қилиш, маънавият ва китобхонликни тарғиб қилиш, ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ва ҳуқуқий саводхонликни ошириш, тадбиркорлик ғояларини қўллаб-қувватлаш йўналишлари бўйича фаолият юритиш вазифаси юкланган.

Қарорда қайд этилишича, ҳар чоракда маҳаллада ёшлар сиёсатини самарали амалга оширишда юқори натижадорликка эришаётган мамлакат бўйича энг илғор 100 нафар ёшлар етакчиси бир ойлик иш ҳақига тенг миқдорда бир марталик пул мукофоти билан тақдирланади ҳамда фаолиятини самарали ташкил этаётган, ўзининг шахсий фазилатлари билан ёшларга намуна бўлаётган ва уларга раҳбарлик қилаётган етакчилар “Янги Ўзбекистон ислоҳотчиси” кўкрак нишони билан тақдирланади.

Ёшлар етакчисининг ойлик маошига келинса, ҳужжатга кўра, бу миқдор етакчи бириктирилган маҳалладаги хонадонлар сонига мутаносиб равишда белгиланади ва хонадонлар сони 500 тагача бўлган маҳаллада меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 5 баравари (ёки 4 миллион 110 минг сўм), хонадонлар сони 501 тадан 1 000 тагача бўлган маҳаллада меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 5,5 баравари (ёки 4 миллион 521 минг сўм), хонадонлар сони 1 000 тадан ортиқ бўлган маҳаллада эса меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 6 баравари (ёки 4 миллион 932 минг сўм) миқдорида бўлади.

Ўзбекистонда меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори 2021 йилнинг 1 сентябридан эътибор ойига 822 000 сўм қилиб белгиланган.

Аввалроқ Ўзбекистонда президент Ш. Мирзиёев кўрсатмаси билан ҳоким ёрдамчиси лавозими таъсис этилган. Маълумотларга кўра, янги йилдан жойларда 9 минг 309 нафар ҳоким ёрдамчиси иш бошлаган ва уларга кўмак бериш учун вазирликлардан 300 нафар раҳбар-ходимлар хизмат сафарига юборилган.

Айни пайтда мамлакатда бюджет тақчиллиги ва пандемия шароитида солиқ тўловчилар ҳисобидан миллионлаб сўм ойлик тўланадиган янги лавозимларнинг таъсис этилиши танқидларга сабаб бўлган.