Ўзбекистонда иккита ОТМ ректори ва иккита институт директори ишдан олинди

Иллюстратив сурат

Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорлари билан Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ректори Улуғбек Азизов ва Бухоро муҳандислик технология институтининг ректори Нусратулло Баракаев лавозимидан озод этилган. Бу ҳақда 29 декабрь куни эрталаб Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Вазирликнинг тушдан кейинги хабарномасига кўра эса, Термиз давлат университетининг Педагогика институти директори Эшболта Қобулов ҳамда Қарши давлат университетининг Педагогика институти директори Абдуқаҳҳор Ғаниев ҳам ишдан олинган. Уларнинг ўз лавозимидан олий ва ўрта махсус таълим вазири буйруғи асосида озод этилгани айтилган.

Президент Шавкат Мирзиёев 20 декабрдаги Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига мурожаатида олий таълим соҳасига оид ислоҳотларга тўхтала туриб, ОТМга киришда коррупция йўқ бўлгани, бироқ “олий таълим ичидаги коррупция давом этаётгани” ҳақида гапирган эди.

“Албатта, президент аралашди, мана, ҳозир тўртта-бешта-олтита-ўнта ректорни олишга мажбур бўляпмиз. Нимага десангиз, текширсак, болаларнинг ўзи айтяпти: “Дарсга келмасдан, баҳо қўйяпти, дарсга келмасдан, имтиҳонга қатнашяпти” деб. Бу нима бу? Кимдан ўрнак оляпмиз?”, деган эди Ш. Мирзиёев ўз мурожаатида.