“Ўзатом” агентлиги ва “Росатом” давлат корпорацияси вакиллари кичик қувватли атом электр станцияси қурилиши шартномасининг кучга кириш тартиби тўғрисидаги баённомани имзолашди. Бу ҳақда “Ўзатом” агентлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди.
Қайд этилишича, баённомани имзолаш маросими “Ўзатом” ва “Росатом” муҳандислик бўлими раҳбарларининг расмий учрашуви доирасида жорий йилнинг 26 июнь куни кичик қувватли атом электр станцияси майдонида бўлиб ўтган.
“Делегация куз ойида 6 блокли АЭС учун инфратузилма объектлари яратилиши режалаштирилаётган майдонни кўздан кечира туриб, штаб майдонида белгиланган вақтда қурилиш ишларини бошлаш – барча инфратузилма билан таъминланган қурувчилар шаҳарчасини барпо этишга киришиш борасида келишувни амалга ошириш юзасидан дастлабки масалаларни муҳокама қилди”, дейилган агентлик хабарномасида.
Делегация вакиллари қурилиш майдонига ташрифи доирасида Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Солиев билан ҳам учрашишган.
Жиззах вилоятида Ўзбекистон билан Россия ҳамкорлигида кам қувватли атом электр станцияси қурилишига доир битим имзолангани Россия президенти Владимир Путиннинг май ойи охирида Тошкентга ташрифи чоғида эълон қилинган эди.
“Ўзатом” ва “Росатом”нинг ўша пайтда тарқатилган қўшма баёнотида Жиззах вилоятида 330 МВт қувватга эга (ҳар бири 55 МВт қувватли олтита ректор) иншоот қурилиши ёзда бошланиши билдирилган.
“Танланган майдон аллақачон текширилган, яроқлилиги ва хавфсизлиги тасдиқланган, бу лойиҳани амалга ошириш вақтини сезиларли даражада қисқартиради”, дейилганди расмий хабарномада.
Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда қурилажак АЭСни “ҳаётий аҳамиятга эга лойиҳа” деб атаган.
Айни пайтда АЭС қуриш лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасисиз Россияга бериб юборилгани ижтимоий тармоқ фаолларининг кескин эътирозига сабаб бўлган. Жамоатчилик АЭС Кремль қўлида Ўзбекистонга қарши “шантаж қуроли” бўлиб қолишидан хавотирда.
Бу орада Озодликка Ўзбекистон маҳаллий матбуотида АЭС мавзусини танқидий руҳда ёритиш ман қилинганига оид маълумотлар ҳам келиб тушган.