Ўзбекистонда камбағаллик даражаси 6 фоизга пасайгани иддао қилинди

Ўзбекистонда 2020 йилдан буён расмийлар томонидан аҳолининг камбағал қатламига кўрсатилган ёрдам туфайли 3 миллиондан зиёд одамнинг шароити яхшиланган, бунинг натижасида мамлакатда камбағаллик даражаси 17 фоиздан 11 фоизга тушган. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев иштирокида 14 август куни камбағалликни қисқартириш ва ижтимоий ҳимоя тизимини такомиллаштириш чора-тадбирларига оид тақдимот чоғида билдирилди.

Президент матбуот хизмати томонидан ёйинланган хабарномада келгуси уч йилда Ўзбекистонда “камбағаллик даражасини 11 фоиздан 7 фоизга қисқартириш мақсад қилинган”и урғуланган.

Қайд этилишича, ҳозиргача бўлган тизим билан натижадорликни ошириш қийин, камбағал оилани танлашда аниқлик, уларни бу ҳолатдан олиб чиқиш ва маблағ ажратишда яхлитлик етишмайди.

Тақдимотда таҳлиллардан келиб чиққан ҳолда, камбағалликни аниқлаш мезонлари ва манзилли рўйхати шакллантирилиши айтилган.

Жумладан, унга “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”даги ҳамда камбағалликка тушиш хавфи юқори бўлганлар киритилади. Бундай оилалар “маҳалла еттилиги” ва фаоллари томонидан овоз бериш йўли билан тасдиқланади. Камбағалликдан чиқаришга қаратилган барча ижтимоий хизмат ва ёрдамлар “Инсон” марказлари томонидан амалга оширилади”, дейилган хабарномада.

Тақдимот чоғида камбағаллик омилларини ўрганиш учун ижтимоий ҳимоя ва бандлик масалаларида 8 та йўналишда ягона саволнома ишлаб чиқилиши, шу асосида оилаларнинг имкониятлари баҳоланиб, 3 та тоифага ажратилиши, ҳар бир оилага индивидуал ёндашилиб, “оёққа туриши”га кўмаклашилиши урғуланган.

Шу тариқа “камбағаллик даражаси юқори бўлган маҳаллалар рўйхати ҳам шакллантирилади. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ва ҳокимликлар томонидан ҳар йили 50 та маҳалла танлаб олиниб, улар камбағаллик ва ишсизликдан холи ҳудудга айлантириб борилади”.

Тадбир пайтида бугунги кунда ҳоким ёрдамчиларига 20 дан ортиқ вазифалар юклатилгани, шу сабабли камбағалликни қисқартириш масаласи иккиламчи даражага тушиб қолганига эътибор қаратилган ҳамда эндиликда ҳоким ёрдамчиларининг фаолияти қайта кўриб чиқилиб, асосий эътибор камбағалликни қисқартириш ва улар бандлигини таъминлашга қаратилиши таъкидланган.

Ҳар йили камбағалликни қисқартиришга 14 триллион сўм йўналтирилмоқда. Лекин бу маблағ 40 турдаги молиявий воситалар орқали, 10 га яқин идора томонидан берилмоқда, ягона ёндашув йўқ. Шу боис бу тизим ҳам ўзгартирилади. Маблағлар ҳудуд, туман ва маҳаллалар кесимида камбағал оилалар сонидан келиб чиқиб, мос равишда Агентлик ва ҳокимликлар томонидан тақсимланади. Бунда маблағлар, биринчи навбатда, оилани камбағалликдан чиқаришга йўналтирилади”, дея қайд этилган хабарномада.

Тақдимот пайтида камбағалликни қисқартиришга қаратилган дастурлар ижроси бўйича 3 босқичда – маҳалла ва туман, вилоят ҳамда республика даражасида мониторинг ташкил қилиниши, бу борада жамоатчилик назорати кучайтирилиши билдирилган.

Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг шу йил январь ойида ёйинлаган ҳисоботида Ўзбекистонда 2022 йил якунида камбағаллик даражаси 14 фоизни ташкил этгани, 2023 йилда камбағаллик даражаси 3,1 фоизга қисқариб, 11 фоизни ташкил этгани ҳақида билдирилганди.

Иқтисодий таҳлилчи Отабек Бакиров ўшанда камбағаллик бир йил ичида “ҳайратланарли даражада кескин қисқарган”ига эътибор қаратган эди.