Уюшма қайдича, уюшма мамлакатда фаолият олиб бораётган пахта-тўқимачилик кластерларининг талаб ва таклифларини ўрганиш ортидан шундай хулосага келган.
“Таҳлилларга кўра, ўтган мавсумдаги пахта ҳосили бўйича жаҳон бозори билан ички бозордаги тола нархи ўртасида йирик тафовут юзага келган. Оқибатда кластерлар қарийб 6 триллион сўм (500 миллион долларга яқин) зарар кўрган”, дейилган “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси хулосасида.
Уюшмага кўра, 2022 йилда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги мамлакатда етиштириладиган ўрта турдаги пахта хомашёсининг энг кам харид нархини бир килограмм учун 10 минг 25 сўмдан белгилаган. Ҳолбуки, бу миқдор жаҳон бозоридаги нархдан икки баравар юқоридир.
Пахта нархи ҳануз белгилангани йўқ
2023 йилнинг пахта мавсуми бошланганига бир ҳафтадан ошганига қарамай, Вазирлар Маҳкамаси ҳалигача пахта хомашёси нархини белгилагани йўқ. Бу эса пахтачилик кластерлари режаларини тузиш, истиқболадаги чораларни белгилашда қийинчилик туғдирмоқда.
“Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмасининг исми сир қолиши шарти билан Озодлик билан суҳбатлашган мулозимига кўра, ҳукумат харид нархларини белгилашда мураккаб вазиятда қолган. Чунки жаҳон бозорида пахта хомашёси нархи кескин тушган.
Айни пайтда мамлакатдаги қурғоқчилик, ерларнинг мелиоартив ҳолати ёмонлашиши ва чўллашишнинг кучайиши ортидан рентабеллик пасайиб бормоқда.
Шунингдек, сентябрнинг илк ҳафтаси ўртасига келиб ҳам пахтани қўлда териш бўйича нархлар белгиланмаган.
Мавзуга алоқадор
“Шартномага имзо қўймасанг бурнинг қонайди” ёки нега ҳокимлар ҳануз фермерлар ишига аралашмоқда?Қишлоқ хўжалиги вазирлиги айни кунларда пахта теримига нарх белгилаш бўйича ишлар вазирликлар билан келишув жараёнида эканлигини маълум қилган.
Бироқ ижтимоий тармоқларда қўлда терилган пахтанинг килограмми учун 2100 сўм, иккинчи теримда эса 2600 сўм нархлар белгилангани хусусида хабарлар пайдо бўлган. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги бу маълумотларни фейк, деб атаган.
2022 йили қўлда терилган пахтанинг ҳар бир килограмми учун биринчи теримда 1500 сўмдан, иккинчи теримда 1800 сўмдан кам бўлмаган миқдорда ҳақ тўланган. Бир тонна маҳсулот хомашёсининг ўрта нави қўшимча қиймат солиғи билан бирга 10 миллион 25 минг сўмни ташкил этган.
Асрий қулликдан қутулиш орзуси
Ўзбекистон Республикаси Президенти ёрдамчиси Саида Мирзиёеванинг мустақиллик байрами арафасидаги чиқишларида президент Шавкат Мирзиёевнинг орзуси ўзбек халқи пахта қуллигидан қутулиши бўлгани ва у бу ишни шараф билан уддалагани айтилган.
Қишлоқ хўжалиги вазирлигига кўра, мамлакатда рентабеллиги паст минтақаларда пахта хомашёси етиштиришни камайтириш бўйича бир неча йиллик стратегик ҳаракатлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, бир неча йилда пахта экиладиган майдонлар қарийб 215 минг гектар қисқартирилган. Аграр соҳани диверсификациялаш, қишлоқ хўжалиги экинлари рентабеллигини ошириш ва чўлланишнинг олдини олиш мақсадида иқлими мева-сабзавотчилик учун жуда мос бўлган ҳудудларда пахта ўрнини мева-сабзавот экинлари эгаллаган.
Мавзуга алоқадор
Кластер ва фермер можароси – тўланмаган пахта пули, арзон нарх, мажбурий шартномаПрезидент Мирзиёевга кўра, бўлса-бўлмаса пахта экавериш, уни арзон нархда хом ашё сифатида сотиш — иқтисодиётни тушунмасликдир. Бундан кейин пахта фақат рентабеллиги юқори минтақаларда етиштирилади ва унинг экспорти яқин беш йилда бориб, мутлақо тўхтатилади. Пахта толасини қайта ишловчи корхона ва заводлар қурилади.
Маълумотларга кўра, 2018 йили мамлакатда 1 миллион 71 минг гектар ерга пахта экилган. Ҳозирги кунга келиб бу миқдор қарийб 20 фоизга қисқарган.
“Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси маълумотларида Ўзбекистонда йилига 1 миллион тоннага яқин тола олиниши айтилади. Бироқ ҳозирги кунда мавжуд қувватлар эса 706,2 минг тонна толани қайта ишлашга мўлжалланган бўлиб, бу республикада етиштирилган пахта толасининг 72,4 фоизини ташкил этади.
Аграр соҳада коррупция: “приписка”дан томчилатиб суғоришгача
Маҳаллий оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига иқтибосан ҳар йили пахтачиликда қўшиб ёзиш билан боғлиқ ҳолатларини кенг ёритиб келади.
Жумладан, Озодликнинг пахтачиликда қўшиб ёзиш жиноятлари борасида эълон қилган суриштирувлари ортидан Сурхондарё вилоятидаги туман ҳокимликларига нисбатан 4 та жиноят иши қўзғатилганди. Бироқ мазкур жиноят ишларининг оқибатлари хусусида маълумот йўқ.
Шунингдек, пахтачиликда томчилатиб суғориш технологияларини жорий этишдаги сохтакорликлар ҳам оммавий ахборот воситаларида ўнлаб танқидий мақолалар нишонига айланган.
Мавзуга алоқадор
Ўзбекистонда сувсизлик. Яқинлашаётган фалокатнинг ечими борми?Натижада Вазирлар Маҳкамасининг аграр соҳа бўйича маъсуллари, Қишлоқ хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари жавобгарликка тортилган.
Очиқ маълумотлар базасидаги рақамлардан келиб чиқилса, Ўзбекистон Республикаси давлат қарзларининг 2,4 миллиард АҚШ доллари айнан аграр соҳа зиммасига тўғри келади.
Ўзбекистоннинг давлат қарзи қолдиғи 2023 йил 1 январь ҳолатига 29,2 миллиард долларни ёки ялпи ички маҳсулотга нисбатан 36,4 фоизни ташкил этган.