Ўзбекистонда крипто-дўкон фаолиятини амалга ошириш учун “Crypto Trade NET” МЧЖ ва “Crypto Market” МЧЖларга илк лицензиялар берилган. Бу ҳақда Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди.
Агентлик қайдича, бу борада тегишли маълумотлар лицензияларнинг электрон реестрига белгиланган тартибда киритилган ҳамда Истиқболли лойиҳалар миллий агентлигининг расмий веб-саҳифасида фойдаланиш учун очиқ ҳисобланади.
Хабарномада юқорида номлари зикр этилган икки ширкат Марказий Осиё минтақаси ва МДҲ ҳудудидаги биринчи крипто-дўконлар бўлгани урғуланган.
Айни пайтда агентлик ўзбекистонликларни ўта ҳушёр бўлишларига, Ўзбекистон ҳудудида фаолият юритиш учун ўрнатилган тартибда лицензияга эга бўлмаган электрон платформалар хизматларидан фойдаланмасликка чақирган.
Аввалроқ Ўзбекистонда хорижий криптобиржалар блоклангани хабар қилинган. Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги бунга мазкур электрон платформаларнинг тегишли лицензияларга эга бўлмаганини сабаб қилиб кўрсатган.
Агентлик мазкур фаолиятга ҳуқуқий асос ўлароқ мамлакат президентининг 2018 йил 3 июлидаги “Ўзбекистон Республикасида рақамли иқтисодиётни ва крипто-активлар айланмаси соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорини келтирган.
Мазкур ҳужжатга мувофиқ, крипто-биржалар, майнинг-пул, крипто-депозитарийлар ва крипто-дўконлар фаолияти лицензияланадиган хизматлар провайдерлари қаторига киритилган.
Қарорда 2023 йил 1 январидан бошлаб Ўзбекистон фуқаролари ва юридик шахслари крипто-активларни сотиб олиш, сотиш ва (ёки) айирбошлаш бўйича операцияларни фақат миллий провайдерлар орқали қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширишлари мумкинлиги айтилган.