Ўзбекистонда “Лукойл” шуъбаси нарх манипуляциясида айбдор топилди

Иллюстратив сурат

Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасининг махсус комиссияси Россиянинг “Лукойл” ширкати шуъба корхонаси томонидан Ўзбекистон қонунчилиги бузилганини аниқлаган.

Икки ҳафта муқаддам Озодлик Ўзбекистонда нарх-наво манипуляциясида гумонланаётган Lukoil Overseas Supply and Trading Ltd ширкатига нисбатан иш қўзғатилгани ҳақида хабар қилган эди.

Ўшанда ширкат биржа савдолари орқали техник олтингугурт маҳсулотини реализация қилишда, шу жумладан биржа савдоларида маҳсулот ҳажмларини номувофиқ қўйиш каби манипуляция ҳолатлари орқали маҳсулот нархларини ошишига олиб келган ҳаракатларни амалга оширганликда гумонланаётгани айтилган.

Иддаога кўра, ширкат томонидан содир этилган мазкур манипулятив хатти-ҳаракатлар биржа савдоларида техник олтингугурт маҳсулоти нархларининг ўртача 10 фоиздан 50 фоизгача ошишига сабаб бўлган.

Бу борада текширув ўтказган Рақобат қўмитаси махсус комиссияси ширкат томонидан қонун бузилишига йўл қўйилганлиги натижасида асоссиз олинган маблағни қайтариш бўйича қарор қабул қилган.

Қўмита хабарномасида маълум қилинишича, махсус комиссия томонидан ширкатга қонун бузилишларини бартараф этиш ва кейинчалик йўл қўймаслик юзасидан бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма берилган.

Рақобат қўмитаси “махсус комиссия қароридан норози бўлган томон Қўмитанинг Апелляция кенгашига ёки судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга” эканини қўшимча қилган.