Ўзбекистонда мактаб дарсликлари сифати танқидий кўриб чиқиладиган бўлди

Иллюстратив сурат

Ўзбекистонда мактаб дарсликлари сифат жиҳатдан тўлиқ танқидий кўриб чиқилади. Бу қарорга, президенти администрацияси раҳбарининг ўринбосари Комил Алламжоновга кўра, президент администрацияси раҳбари Сардор Умурзоқов бошчилигида 5 сентябрь куни ўтказилган йиғилишда келинган.

Йиғилишда барча мактаб дарсликларини комплекс текширувдан ўтказиш, улардаги мавжуд хато ва камчиликларни аниқлаш, сифатини яхшилаш бўйича президент администрацияси, Халқ таълими вазирлиги, Таълим сифатини назорат қилиш инспекцияси ва яна бир қатор ташкилотларнинг масъул вакилларидан иборат катта ишчи гуруҳ тузилган.

Ҳисоб палатаси, Монополияга қарши курашиш қўмитаси ва Халқ таълими вазирлигига 1 ой муддатда дарсликларни тайёрлаш, нашр этиш, таннарх ва тарқатиш тизимини танқидий кўриб чиқиш, давлат буюртмаси бажарилишининг шаффоф ва самарали тизимини жорий этиш вазифаси белгиланган.

Мазкур йиғилиш мактаб дарсликлари учун ижара ҳақи олишга оид расмий қарордан сўнг жамоатчилик орасида норозилик тўлқини келиб чиққани ортидан ўтказилган. Пировардида дарсликлар учун ўқувчилардан ҳақ олинмай, текинга бериладиган бўлган.

Ўзбекистон мактабларида 2022-2023 ўқув йили 5 сентябрдан бошланган.