Ўзбекистонда 30 декабрдан эътиборан Ҳиндистоннинг Marion Biotech компанияси томонидан ишлаб чиқарилган ва мамлакатда рўйхатдан ўтказилган барча турдаги дори воситаларининг савдоси вақтинчалик тўхтатилди. Бу ҳақда Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ахборот хизмати раҳбари Қизлархон Бегматова жума куни АОКАда ўтказилган брифинг чоғида маълум қилди.
Marion Biotech ширкати томонидан ишлаб чиқарилган “Док-1 Макс” сиропини қабул қилгани туфайли Ўзбекистонда камида 19 нафар гўдак нобуд бўлгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган. Мазкур препарат савдосига ССВ томонидан шу йил 22 декабридан вақтинча тақиқ қўйилган эди.
Бугунги брифинг чоғида Қ. Бегматова “QURAMAX MEDIKAL” МЧЖга реализация қилинган дорихоналардаги қолдиқ дори воситаларини қайтариб олиш ҳамда дорихоналарга “Док-1 Макс” дори воситасини етказиб берувчи дистрибьюторга зудлик билан қайтариш чораларини кўриш бўйича тегишли кўрсатма берилгани ҳамда ушбу дори воситалари Ўзбекистондаги барча дорихоналардан тезкорлик билан йиғиб олинганини маълум қилди.
Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги мулозимасига кўра, “Док-1 Макс” дори воситаси таркибида қўшимча ёт моддалар аниқланганлиги боис ҳозирда Marion Biotech компанияси томонидан ишлаб чиқарилган бошқа маҳсулотларда ҳам худди шундай ҳолат кузатилиш эҳтимоли инобатга олинган ҳолда, мазкур ширкатнинг бошқа маҳсулотлари ҳам чуқур лаборатор текширувларидан ўтказиляпти. Қ. Бегматова Marion Biotech ширкатига қарши Ҳиндистон расмийлари ҳам суриштирув бошлаганини қўшимча қилган.
Аввалроқ Соғлиқни сақлаш вазири Беҳзод Мусаев камида 19 нафар бола ўлимига сабаб бўлган “Док-1 Макс” препарати билан боғлиқ ҳолат юзасидан текширув ўтказилиб, бу иш учун масъул бўлган шахсларнинг барчаси жавобгарликка тортилишини билдирган, ДХХ Тергов бошқармаси эса ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатган.