Ўзбекистонда теле ва радиоканаллар ҳамда ижтимоий тармоқлар учун тайёрланаётган медиамаҳсулотлар, хусусан, сериал, мультфильм, кино ва қўшиқлар “маънавият экспертизаси”дан ўтказилади.
Республика Маънавият ва маърифат марказининг маълум қилишича, соҳа мутахассисларидан таркиб топган гуруҳ Ўзбекистон ҳудудида намойиш этилаётган маҳаллий ва хориж медиа маҳсулотларида давлат сиёсати, давлат рамзлари, миллий ва умуминсоний қадриятлар, маънавий-ахлоқий мезонларга зид, инсоний фазилатларга таҳдид солувчи ахлоқсизлик, беҳаёликни тарғиб этувчи ҳолатлар мавжуд ёки мавжуд эмаслигини ўрганади.
Ёшлар тарбияси ва миллий менталитетга рахна солувчи медиа маҳсулотларнинг намойиш этилишини тўхтатиш бўйича тегишли вазирлик, идора ва ташкилотларга таклифлар киритиб борилади.
Маънавият ва маърифат маркази, АОКА, Маданият вазирлиги, Кинематография агентлиги, МТРК, Ўзбекистон Миллий медиа бирлашмаси ҳамкорлигида “маънавий экспертиза” жорий этилаётгани жамоатчилик томонидан турлича қабул қилинди. Айрим блогерлар маънавият ниқоби остида цензура қайта тикланаётгани ҳақида ёзди.
Муҳокамалар ортидан Маънавият ва маърифат маркази баёнот бериб, “маънавий экспертиза медиаконтентларнинг ёшлар, айниқса, мактабгача ва мактаб ёшидаги болаларга таъсиридан хавотирланган ота-оналар, зиёлилар, шунингдек, кенг жамоатчилик сўрови, талаб ва ташаббуси асосида жорий қилинаётгани”ни урғулади.
“Маънавият экспертизаси” лойиҳаси медиа маҳсулотларга цензура қўймайди. Экспертларнинг фаолияти медиаконтент ишлаб чиқувчилар, ижодий гуруҳлар ва бадиий кенгашлар учун тавсиявий таклифлар ишлаб чиқишдан иборат бўлади. Бунда оммавий ахборот воситалари, журналистлар, ижодкорлар, блогерларнинг ижод эркинлигига дахл қилинмайди”, дейилган марказ баёнотида.