Ўзбекистонда нафақа олувчилар сони камайтирилмоқда

Иллюстратив сурат

2025 йили Ўзбекистонда ижтимоий нафақа олувчилар сони 2 миллион 752 минг нафар бўлиши тахмин қилинмоқда. Ҳозирда нафақа олувчилар 2 миллион 940 минг киши экани инобатга олинса, бу тоифа аҳоли 188 минг нафарга камайиши аёнлашади.

Daryo.uz нашрининг Иқтисодиёт ва молия вазирлиги эълон қилган статистикага таянган ҳолда ёзишича, мамлакатда нафақа олувчи болали ва кам таъминланган оилалар сони ҳамда уларга ажратиладиган маблағ миқдори йил сайин қисқартириляпти.

2024 йилда болали ва кам таъминланган 1 миллион 359 мингта оилага жами 8,1 триллион сўм нафақа тўланаётган бўлса, келгуси йил бундай оилалар сони 1 миллион 247 мингта қолиши ва уларга 7,4 триллион сўм тўланиши режалаштирилмоқда.

2023 йилда эса 2,2 миллион оилага жами 12,3 триллион сўм болалар нафақаси ва моддий ёрдам пули тўланган. Оилаларнинг 2,13 миллионтаси болалар нафақаси, қолган 76 мингтаси моддий ёрдам олган. Шу тариқа ўтган бир йил давомида нафақа олувчи оилалар сони қарийб бир миллионтага қисқартирилган.

2025 йилда республика бюджетидан ижтимоий ҳимоя учун 17,3 триллион сўм ажратилиши белгиланган.