Ўзбекистонда 2019−2024 йиллар оралиғида наркожиноятлар сони икки бараварга кўпайган. Бу ҳақда, Gazeta.uz нашри хабарига кўра, Тошкентда ўтказилган гиёҳвандлик ва наркожиноятларга қарши курашиш масалалари бўйича халқаро тадбирда Президент администрацияси ҳузуридаги Наркотикларни назорат қилиш миллий маркази директори Равшан Маматов маълум қилган.
“Таҳлилларга кўра, сўнгги 5 йилда Ўзбекистонда наркожиноятлар сони икки баробарга, гиёҳвандлик воситалари мусодараси 8,5 баробарга, синтетик гиёҳвандлик воситалари мусодараси эса 400 баробарга кўпайди. Кузатилаётган салбий жараёнлар бу соҳада комплекс чора-тадбирларни белгилаш ҳамда самарали идоралараро ва халқаро ҳамкорликни йўлга қўйишни тақазо этмоқда”, деган Р. Маматов.
Наркотикларни назорат қилиш миллий маркази раҳбари минтақа, хусусан, Ўзбекистонда “дорихона наркоманияси” авж олганидан ҳам хавотир изҳор қилган.
“Минтақамизда “дорихона наркоманияси” деб аталувчи иллатнинг ёшлар ўртасида кенг тарқалаётгани бизни ташвишга солмоқда. Ушбу йўналишда яқин қўшниларимиз билан тажриба алмашишга ва ҳамкорлик қилишга тайёрмиз”, деб таъкидлаган гиёҳвандлик моддаларига қарши курашувчи тизим раҳбари.
Ўсиш динамикасидан ташвиш билдирган Миллий марказ раҳбари наркожиноятлар аниқ сонини очиқламаган. Аввалроқ “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати 2019 йил якунида мамлакатда 5 мингдан ортиқ наркотик воситалари билан боғлиқ жиноят содир этилгани, наркодиспансерда ҳисобда турганлар сони эса 5698 нафарга етгани ҳақида маълумот тарқатганди.
Ўзбекистонда 2024 йилда илк бор гиёҳвандлик ва наркожиноятларга қарши курашиш бўйича 2024−2028 йилларга мўлжалланган Миллий стратегия қабул қилинган.