Андижон вилоятининг Марҳамат туманида валюта айирбошлаш билан шуғулланиб келган А.Ю. 3 000 АҚШ долларини 39 миллион сўмга сотган вақтида ушланиб, ундан жами 5 410 АҚШ доллари, 51 600 Россия рубли, 13 450 қирғиз соми ва 16,4 миллион сўм пуллар ашёвий далил сифатида олинган. Бу ҳақда 20 февраль куни Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти матбуот хизмати маълум қилди.
Хабарномада департаментнинг Косон тумани бўлими ва ИИБ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро П.М. 3 300 АҚШ долларини 42,7 миллион сўмга сотиб олган вақтида, департаментнинг Нишон тумани бўлими ва ИИБ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда эса фуқаро Д.К. ва бошқалар фуқаро Б.Т.га 3 400 АҚШ долларини 44,2 миллион сўмга сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушлангани қайд этилган
“Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 177-моддаси (валюта қимматликларини қонунга хилоф равишда олиш ёки ўтказиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда”, дейилган хабарномада.
Аввалроқ Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Тошкент шаҳри, Навоий, Қашқадарё, Наманган, Бухоро ва Тошкент вилоятларида валюта айирбошлаш билан шуғулланиб келган шахслар ушлангани, уларга нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят ишлари қўзғатилгани ҳақида маълумот тарқатган эди.
Валюта айирбошлаш фаолияти билан расман банклар шуғулланадиган Ўзбекистонда сўнгги кунларда ноқонуний саррофларга қарши кураш тадбирлари нима сабабдан кучайтирилгани ҳозирча номаълум. Аввалги президент Ислом Каримов даврида мамлакат банкларида валюталар қиймати сунъий равишда паст курс билан тутиб турилгани туфайли “валюта қора бозори”га катта эҳтиёж сезилган. Мирзиёев ҳокимият тепасига келганидан кейин валюталар курси эркин қўйиб юборилгани ортидан “қора бозор” бироз бўлса-да, ўз актуаллигини йўқотган эди. Шунга қарамай, валюта курсида кескин ўсиш ёки пасайиш кузатилган пайтларда Ўзбекистонда валюта қора бозори қайта жонланиб қолганини кузатиш мумкин.