Ўзбекистонда Педагогик маҳорат миллий институти ташкил этилади

Иллюстратив сурат

Ўзбекистонда педагогларни касбий ривожлантириш ва янги методикаларга ўргатиш миллий-тадқиқот институти негизида Абдулла Авлоний номидаги педагогик маҳорат миллий институти ташкил этилади.

Бу тартиб, “Ҳуқуқий ахборот” Telegram канали қайдича, мамлакат президентининг 21 июнь куни қабул қилинган “Мактабгача ва мактаб таълими ташкилотлари ходимларини узлуксиз касбий ривожлантириш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида кўзда тутилган.

Қарорга мувофиқ, Тошкент шаҳар педагогларни янги методикаларга ўргатиш миллий маркази ҳамда Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети тасарруфидаги Республика педагогик таълим ресурс маркази фаолияти уларни Педагогик маҳорат миллий институтига қўшиш орқали тугатилади. Институт тузилмасида Халқаро тадқиқотлар маркази ташкил этилади.

Қарор билан 2024/2025 ўқув йилидан мактабгача ва мактаб таълими ташкилотлари раҳбар, педагог ва мутахассис кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг яхлит тизими жорий қилиниши белгиланган.

Бунда мактабгача таълим ташкилотлари директор ва мутахассисларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институти Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги бўйсунувига ўтказилади, шунингдек, мактабгача таълим ташкилотларининг педагог ва мутахассис кадрларини узлуксиз касбий ривожлантириш бўйича “Виртуал касбий ривожлантириш” электрон дастури жорий этилади.