Ўзбекистонда 2027 йилдан полиэтилен пакетларни ишлаб чиқариш, олиб кириш ва улардан фойдаланиш тақиқланиши мумкин. Бу таклиф мамлакат президентининг “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида” фармони лойиҳасида илгари сурилган.
Тақиққа муқобил равишда экологик жиҳатдан зарарсиз (биопарчаланувчи) пакетлардан фойдаланишни рағбатлантириш таклиф этилмоқда.
Бундан ташқари, Ўзбекистонда 2025−2027 йилларга мўлжалланган пластик билан ифлосланишни камайтириш бўйича миллий дастур лойиҳасини ишлаб чиқиш кўзда тутилган.
Ушбу ҳужжат 2025 йилнинг сентябригача ишлаб чиқилиши ва 2025 йилнинг ноябригача Вазирлар Маҳкамасига киритилиши зарур.
Давлат дастурини амалга ошириш тўғрисидаги президент қарори лойиҳасига мувофиқ, 2025 йил 1 ноябрга қадар пластик қадоқларни ёки пластик қадоқларда маҳсулот ишлаб чиқарувчи ҳамда импорт қилувчиларга бир қатор мажбуриятларни юклайдиган қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш белгиланган. Жумладан, мазкур фаолият билан шуғулланувчи ширкатларга нисбатан ушбу турдаги чиқиндиларни қабул қилувчи махсус жойлар ва ускуналарни ўрнатиш орқали йиғиб олиш ва утилизация қилиш, утилизация йиғимини тўлаш бўйича кенгайтирилган мажбуриятларни жорий қилиш кўзда тутилган.
Gazeta.uz нашрининг ёзишича, ҳозирда юздан ортиқ мамлакатда бир марталик пластик пакетларга тўлиқ ёки қисман тақиқ жорий қилинган. 2027 йилдан қўшни Қирғизистон ҳам полимер плёнка ва пластмассадан тайёрланган қадоқларни ишлаб чиқариш, сотиш ва бепул тарқатишни тақиқламоқчи.
Маҳаллий экофаоллар кўпдан буён пластик пакетларни истеъмолдан чиқариш кераклигини айтиб келишади.