Ўзбекистонда пропан ҳам, АИ-80 бензини ҳам қимматлади

Иллюстратив сурат

Жорий йил 5 июнидан 5 ноябригача бўлган даврда биржа савдоларида пропаннинг 1 тоннаси 5,3 миллион сўмдан 10,2 миллион сўмга ёки 91,4 фоизга ошди.

1 август куни Рақобат қўмитаси биржа орқали реализация қилиниши белгиланган суюлтирилган газ маҳсулотининг қўйилиши ва сотилиши юзасидан тегишли ўрганишлар олиб бориб, қўшимча ахборот берилишини маълум қилганди. Ўтган давр мобайнида пропан нархи янада қимматлашди, қўмита эса ўрганиш ишларининг натижаси ҳақида маълумот бергани йўқ”, деб ёзди Kun.uz нашри.

Аввалроқ Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов пропан нархи кескин қимматлаганини ишлаб чиқариш етарли даражада ошмагани ҳолда, пропанда ҳаракатланувчи автотранспортлар сони 1,57 баравар кўпайгани билан хаспўшлаганди.

Пропаннинг ошиши манзарасида харидоргир саналган АИ-80 бензини нархи ҳам кўтарилиб боряпти.

5 ноябрь куни ушбу маркадаги бензиннинг 1 тоннаси 9 миллион 998 минг сўмгача кўтарилди. Ўтган йилнинг ушбу даврида у 7 миллион 375 минг сўмдан сотилган. Шу тариқа йил давомида маҳсулотнинг биржа нархи 26,2 фоизга ошган.

Охирги ойларда ҳудудлардан пропан ва АИ-80 бензини тақчиллашгани ҳақида хабарлар келмоқда.